Nokia бу йил яна тўртта смартфон тақдим этади

  •   DiMaX
  •  1684
  •  13.07.2017 13:56

Nokia бу йил яна тўртта смартфон тақдим этади

Шу пайтгача чиққан маълумотларга кўра, 2017 йилда Nokia жами еттита янги смартфон ишлаб чиқаришни режалаштирган. Улардан учтаси – Nokia 3, Nokia 5 ва Nokia 6 моделлари аллақачон тақдим этилган. Демак, жорий йилнинг иккинчи ярмида бу бренд яна тўртта ақлли телефон ишлаб чиқаради, дейилади GizmoChina хабарида.

Мазкур янги смартфонлар Nokia 2, Nokia 7, Nokia 8 ҳамда Nokia 9 номлари остида шу йил охиригача чиқарилиши керак. Уларнинг айрим хусусиятлари ҳозирдан маълум. Келинг, уларга назар соламиз.

Nokia 2

Хитойдаги манбанинг сўзларига қараганда, Nokia 2 модели турли ҳудудлар учун икки хил талқинда ишлаб чиқарилади. Улардан бирига Snapdragon 212 процессори асосида ишлайдиган бўлади, иккинчисига эса MediaTek’нинг ҳозирча номаълум бир чипи ўрнатилади. Демак, Nokia 2 ҳамёнбоп смартфон бўлиши кутилади.

Nokia 7 ва Nokia 8

Nokia 7 моделига Snapdragon 630 чипсети қўйилади; Nokia 8 эса, Snapdragon 660 чипига эгалигига қараганда, ундан кўра бақувватроқ смартфон бўлади. Аввалроқ чиққан гап-сўзларга кўра, Nokia 7’нинг асосий камераси битта объективли бўлади, Nokia 8 эса Zeiss оптикасига эга қўшалоқ камерага эга бўлиши кутилмоқда. Айтиш керакки, Nokia шуҳратини Zeiss оптикаси ёрдамида қайтариш мақсадида ўзаро битим тузилгани ҳам маълум.

Шунингдек, сизиб чиққан маълумотларга қараганда, бу кучли модель 2K экран, 6 гигабайт тезкор ва 64 гигабайт ички хотирага эга бўлади. 12 мегапикселли қўшалоқ камерага эга ушбу қурилма Android 7.1.1 Nougat тизими бошқаруви остида ишлайди.

Nokia 7 эса, афтидан, Full HD экран билан таъминланади.

Nokia 9

Nokia 9 гаджети эса, хабарларга кўра, илғор Snapdragon 835 асосида ишлайдиган флагман бўлади. Унга диагонали 5,3 дюймга тенг бўлган QHD-дисплей, 13 мегапикселли қўшалоқ камер ҳамда 8 гигабайт ҳажмдаги тезкор хотира ўрнатилиши айтилган. Узоқ кутилган мазкур флагман кузда 699 доллар нархида сотувга чиқиши мумкин.

 Хабарда айтилишича, Nokia 9, Nokia 8, Nokia 7 ҳамда Nokia 2 моделлари 1–6 сентябрь кунлари Берлинда бўлиб ўтадиган IFA 2017 тадбирида намойиш этилади.