Nokia’нинг янги флагмани: уч модулли камера, IP68 ҳимояси ва AMOLED-экран!

  •   DiMaX
  •  740
  •  02.04.2018 19:23

Nokia’нинг янги флагмани: уч модулли камера, IP68 ҳимояси ва AMOLED-экран!

Бугун – 2 апрель куни HMD Global компаниясининг ҳали тақдим этилмаган энг илғор смартфонининг барча хусусиятлари ҳақидаги маълумотлар интернетга чиқиб кетди. Унинг нафақат техник жиҳатлари, балки орқа қопқоғининг сурати ҳам тарқалди.

ЎҚИНГ: Nokia 9’нинг барча тафсилотлари битта видеода: Galaxy Note 8 каби, фақат қизиқроқ

Бу ерда гап анчадан бери кутилаётган Nokia 9 флагмани ҳақида кетмоқда. Инсайдерлик маълумотларига кўра, у диагонали 6,01 дюймлик AMOLED-экранга эга. Унинг томонлари ўзаро 18:9 нисбатда, дисплейининг пикселлар сиғими эса QHD+ форматида (2880х1440 пикселли).

Nokia 9 ҳозирда энг илғор бўлиб турган – 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 845 процессори базасига қурилган. Смартфоннинг ишлаш самарадорлигини таъминлашда унга 8 гигабайт ҳажмли тезкор хотира кўмакка келади. Қурилманинг доимий хотираси эса 256 гигабайт ҳажмга эга.

HMD Global компаниясининг ушбу флагманига хос асосий хусусият – унинг нақ уч модулли асосий камерасидир. Улардан биринчиси 41 мегапикселли (кенг бурчакли, 1,4 мкм, f/1.5 дан f/2.4 гача апертурали), иккинчиси 20 мегапикселли (телефото, автофокус, f/2.4), учинчиси эса 9,7 мегапикселли (монохром ёки оқ-қора) объективлардир. Шунингдек, Nokia 9 тасвир сифатини йўқотмаган ҳолда 4 каррали зумга ҳам эга бўлиши айтилаётир. Бунақа жамланма билан у фотосуратлар сифатига кўра ҳатто энг кучли камерофон – Huawei P20 Pro’ни ҳам ортда қолдиришини кутиш мумкин.

ЎҚИНГ: Huawei P20 Pro ва iPhone X камералари "жанг қилишди"

Nokia 9 корпусининг ўлчамлари 150,6х75,2х7,3 миллиметрга тенг, унинг орқа қопқоғи эса керамикадан ишланган. Камера гардиши 18 қиротлик олтин билан қопланган. Булардан ташқари, ушбу модел корпуси IP68 стандартига кўра сувдан ҳимояланганлиги ҳам унинг афзалликларидан биридир.

Телефон USB Type-C портига, Wi-Fi 802.11ac, Bluetooth 5.0 LE, A-GPS, GPS, ГЛОНАСС, ANT+, NFC модулларига эга. Унда яна кўз ёйи сканери, барометр ва акселерометр сингари кўплаб қўшимча датчиклар ҳам ўрин олган.

ЎҚИНГ: Смартфонда нечта ва қандай датчиклар бўлади?

Мана, интернетга «сизиб чиққан», Nokia 9’нинг барча хусусиятлари акс эттирилган маълумот қуйидагича:

HMD Global компанияси мазкур гаджетини 3900 мА/соат сиғимли аккумулятор билан жиҳозлаган. Унга эса биратўла иккита – Quick Charge 4.0 тезкор қувватлаш ҳамда Qi стандарти бўйича симсиз қувватлаш илғор технологиялари жорий этилган.

Nokia 9 моделида иккита SIM-карта уячаси мавжуд ва у Project Treble функциясини қўллаб-қувватловчи Android 8.1 Oreo операцион тизим талқини бошқаруви остида ишлайди. Ушбу девайс Android One мобил қурилмалар туркумига киради; мазкур туркумдаги барча гаджетлар Google’нинг «тоза» дастурий таъминот тизимида ишлайди.

Ҳозирча Nokia 9 смартфонининг нархи ва тақдимот санаси ҳақида расмий маълумот йўқ.

ЎҚИНГ: Samsung ва Apple уддалай олмаган технология Nokia флагманига жорий этилади!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.