Ноутбук савдосида сизни қандай алдашади?

  •   DiMaX
  •  4341
  •  09.11.2017 16:17

Ноутбук савдосида сизни қандай алдашади?

Ҳозирги кунда яхши ва бақувват ноутбукларга талаб жуда юқори. бундан эса фирибгарлар ҳам фойдаланиб қолишга уринишмоқда. Хусусан, пойтахтимиздаги «Малика» савдо мажмуаси ёки бошқа савдо нуқталарида, шунингдек, OLX.uz сингари онлайн савдо платформалари орқали сотилаётган «иккинчи қўл» маҳсулотлари савдосида алдов ҳолатлари учраши мумкин.

ЎҚИНГ: OLX.UZ’даги арзон айфонга учиб, 500 долларга чув тушган ҳамюртимиз

Шу боис ҳам, агарда ноутбук сотишда ишлатиладиган айрим фириблардан бохабар бўлиб қўйсангиз зарар қилмайди.

Техник хусусиятлари юқори ноутбукни бозор нархидан арзонга таклиф этувчи фирибгарларнинг алдов алгоритми қуйидагича:

  1. Фирибгарлар OLX.uz каби бирор онлайн эълонлар тахтаси орқали параметрлари паст, нархи арзон бўлган ноутбукни топишади. Агарда Dell, HP каби номдор ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулоти бўлса – янада яхши, дарров сотиб олишади.
  2. Ноутбукни қўлга олгач, реестр муҳаррири (редактор реестра) ёрдамида унинг параметрларини ўзгартириб чиқишади. Масалан, процессорини i7 ёки i5 модели қилиб кўрсатишади, видеокартасини «зўр»идан, деб белгилаб қўйишади, тезкор хотираси ҳажмини каттароқ қилиб кўрсатиб, операцион тизим ҳақидаги маълумотларни ўзгартириб чиқишади.
  3. Энди, арзон ноутбукнинг параметрларини «бақувват»га айлантириб бўлгач, дарҳол уни сотиш ҳақида эълон беришади. Табиийки, техник жиҳатлари кучлидек қилиб ўзгартирилган гаджетга юқори нарх белгилашади, аммо бу бозордаги ҳақиқий бақувват ноутбуклардан салгина арзонроқ туради.
  4. Харидор савдо пайти унинг параметрлари нотўғри эканини пайқамайди, «зўр» ноутбук олганидан хурсанд ҳолда пулни санаб беради. Лекин ундан фойдалана бошлагач, бир нечта оддий дастурларни ҳам бир вақтнинг ўзида очиб ишлата олмайди. Хуноб бўлиб, жиддийроқ текшириб кўрсагина чув тушганини англаб етади.

ЎҚИНГ: Ноутбук олмоқчимисиз? Сотувчи эмас, қуйидаги 5 тавсияга қулоқ тутинг

Шунинг учун ҳам, имкон қадар расмий кафолати мавжуд бўлган ноутбук харид қилишни тавсия этамиз. Агарда ишлатилган девайс сотиб олишга тўғри келадиган бўлса ҳам, унинг моделини аниқлаб, барча техник хусусиятларини ишлаб чиқарувчининг сайтидаги маълумотлар билан эринмасдан таққослаб текширинг.

ЎҚИНГ: Ноутбук харид қилаётганда 10 та оммавий хато

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!