Олимлар: ижтимоий тармоқлар – тушкунлик сабабчиси

Олимлар: ижтимоий тармоқлар – тушкунлик сабабчиси

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчининг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади, дея тасдиқламоқда Питтсбург университетининг Тиббиёт мактаби мутахассислари. Олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, фойдаланувчи қанчалик кўп вақтини онлайн ўтказса, унинг тушкунликка тушиш имконияти шунча ортиб бораверади.

Олимлар ўз тадқиқотларига 19-32 ёшдаги 1787 нафар америкалик кўнгиллини жалб қилишди. Якунда ижтимоий тармоқлардаги фаоллик даражаси депрессияга тушиш имконияти билан бевосита боғлиқ экани ойдинлашди.

Тадқиқотчиларнинг сўзларига қараганда, кўнгиллилар ижтимоий тармоқдаги саҳифасига бир ҳафтада ўртача 30 маротаба киришган. Ҳар куни ушбу машғулот учун 61 дақиқа вақт сарфлаган.

Тушкунликнинг жиддий аломатлари тадқиқотда қатнашган ҳар тўртинчи фойдаланувчида яққол кўзга ташланган. Ижтимоий тармоқларнинг фаол фойдаланувчиларининг тушкунликка тушиш хавфи бошқаларга нисбатан 2,7 мартага кўп бўлиб чиқди.

Тадқиқот муаллифи Брайан Приманнинг таъкидлашича, бугунги кунда “Facebook-депрессия” деб ном олган феномен (айни шу ижтимоий тармоқ АҚШда энг кенг тарқалган)нинг юзага келишига бир қатор сабаблар мавжуд. Жумладан, ижтимоий тармоқларда фаол бўлганлар онлайн ва реал ҳаётдаги номутаносибликка кўп дуч келишади. Яъни, улар бошқа инсонлар профилидаги идеал ҳаёт тасаввури уларни тушкунликка туширади.

Бунда ҳар бир фойдаланувчи “депрессиянинг айланма ҳаракати” таъсирига тушиши мумкин. Ўз руҳий ҳолатининг ёмонлигини ҳис этган ҳолда инсон ижтимоий тармоқдан нажот қидиради, аммо эътиборсизлик ёки номутаносиблик оқибатида аҳволи бадтар мураккаблашади.

Шу ўринда, олимлар ижтимоий тармоқларда мулоқот қуришдан бирданига воз кечмасликка чақиришади. Фақатгина фойдаланувчилар олдиндаги хавф даражасини ҳис этишлари лозим, кейинги танлов эса ўзларига боғлиқ.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.