OLX.UZ’даги арзон айфонга учиб, 500 долларга чув тушган ҳамюртимиз

OLX.UZ’даги арзон айфонга учиб, 500 долларга чув тушган ҳамюртимиз

Фирибгарлар ҳамма замонларда ва ҳамма ерларда ҳам бўлган. Аммо ахборот технологиялари асрида улар ҳам «замонавийлашиб», интернет-ҳийлаларга мослашиб олишган. Ҳийлагарлар кўпроқ қаерда бўлади – бозорда. Бугунги кунда эса устаси фаранглар онлайн савдо майдонларига ҳам кириб келишган.

Таҳририятимизга мурожаат этган бир фойдаланувчимиз шунақа алдовга учиб, катта пулга куйиб қолганини баён этар экан, шахсини сир тутган ҳолда, бу воқеани сайтимизда ёритишимизни сўради. Зеро, бошқа кўнгли тоза инсонлар ҳам фирибгарлар «ўлжа»сига айланмасин, дейди у.

Хулласи калом, воқеани унинг тилидан баён этамиз:

* * *

«Ўзбекистондаги оммабоп онлайн савдо майдонларидан бўлган OLX.UZ сайтида iPhone 7 сотилаётганлиги ҳақидаги эълонга кўзим тушиб қолди. Унинг нархини билиш учун эълон муаллифи билан боғландим. У эса менга бир телефон рақамини берди ва унга Телеграм мессенжери орқали мурожаат қилишимни сўради.

Доимий хотираси 128 гигабайт бўлган iPhone 7 моделининг нархини сўрасам, 399 АҚШ доллари, дея жавоб берди. Асосан рус тилида ёзишдик.

Мен товарни олиш учун нима қилишим кераклигини сўрадим, сизларга ишонса бўладими, деб савол бердим. У эса, ўзларининг бутун дунё бўйича улгуржи ҳолда товар етказиб берувчи эканлигини айтди. Маҳсулотни CPC FARNEEL тизими орқали жўнатишларини айтиб, http://cpc.farnell.com/ манзилини ҳам берди. Бу ишончли компания эканлигини таъкидлади.

Мен эса, гапига ишонч ҳосил қилиш учун ўзини таништиришини ва суратини менга жўнатишини сўрадим. Кейин боласини кўтариб тушган суратини юбориб, шу фарзандини ўртага қўйиб қасам ичди.

Менга исбот сифатида CPC FARNEEL орқали жўнатилган почта қоғозини юборганидан сўнг уларга ишониб, товарни олишга рози бўлдим ва қандай қилиб буюртма беришни сўрадим.

У Буюк Британия, Туркия ва Нигерияда филиаллари борлигини айтди. Товарни олиш учун уларга Western Union тизими орқали тўлов қилишим керак экан. Тўловни фақат ўзимиздаги Ҳамкорбанк ёки Капиталбанк орқали амалга оширишимни ҳам сўради. Пул етиб борганидан кейин, уларнинг бухгалтери пул тушганини тасдиқлаши биланоқ товарни менга жўнатишини ва харидимнинг келишини бир сайт орқали назорат қилишим мумкинлигини айтди.

Мана, ўша ёзганидан бир парча:

«Это надежная компания, не грязный бизнес

Мы поставляем во многие страны даже Узбекистан

Вы можете отслеживать товары

Веб-сайт: http://pluslognetwork.com/label.php

Номер отслеживания: 14988180хх»

Мен шундан кейин мен ишондим ва пулни қайси манзилга жўнатишим кераклигини сўрадим. Сотувчи мени ишонтириш учун ўзини мусулмон қилиб кўрсатишдан ҳам тоймади:

«брат / сестра, вам нечего беспокоиться, доставка на 100% безопасен, и вы получите продукты ровно через 2 дня после того как компенсация иншаАллах, все мы хотим, чтобы это долгосрочный бизнес, так что вы можете купить больше продуктов от нас...»

Шу тариқа, мендан мамлакат, шаҳар ва уй манзилимни ёзиб жўнатишни сўради ва пул ўтказиш учун манзилни берди.

Аввалига ишонмай турдим, бироздан кейин у менга қўнғироқ қилди ва пулни 30 дақиқа ичида жўнатишим кераклигини, акс холда товар бир неча кун кеч келишини айтди.

Мен пулни жўнатдим ва уларга буни айтдим. Пул ўтганлиги тўғрисида банкнинг квитанциясини суратга олиб жўнатишимни сўрашди. Квитанцияни олиб, бухгалтер тўлов амалга оширилганлигини тасдиқлаганидан сўнг ўзлари алоқага чиқишларини айтишди.

Мен нақ 3 соат уларнинг алоқага чиқишларини кутдим. Ниҳоят, хабар келди, унда «Почтани жўнатиш бўйича муаммо юзага келди, бошқа давлатларга 1 донадан кўпроқ маҳсулот буюртма бериш керак экан», дейилган экан. Менга яна битта телефон харид қилишимни, эвазига эса яна 1 та телефонни бепул беришларини айтишди. Жами учта товар – биттадан iPhone 7, iPhone 5s ҳамда iWatch жўнатамиз, дейишди. Бунинг учун эса қўшимча атиги 100 доллар юборишимни сўрашди.

Бундан асабийлашиб кетдим ва пулимни қайтаришларини сўрадим. Улар эса: «Пулни қайтаришнинг иложи йўқ, пуллар компания харажатлари учун сарф этилди. Товарни олиш учун 100 доллар жўнатинг ва муаммо ҳал бўлади», дейишди.

Бошқа пулим йўқлигини, бу фирибгарликлари яхши иш эмаслигини айтдим ва пулларимни қайтаришларини сўрадим. У яна расм юбориб, «Мен ҳам инсонман, болаларимга ҳаром пул топиб едирмайман», деганича, Аллоҳни ўртага қўйиб қасам ичди. Бу гапларидан кейин унга ишониб, яна қўшимча 100 доллар пул юбориш учун банкка бордим. Бироқ бу сафар у пул жўнатиш учун бошқа манзил юборган эди.

Пулни жўнатаётганимда, банк ходимлари менга, икки ҳафтача олдин ҳам бир йигит Нигерия давлатига бир неча марта пул юборганини ва алданиб қолганини айтишди. У ҳам телефон буюртма бериш учун пул ўтказган экан, афсуски, уни ҳам алдашибди. Буни эшитсам ҳам, олдин жўнатган пулим қайтишидан умидвор бўлиб, яна 100 доллар юбордим.

Бир неча соатдан сўнг у товар Бухорода эканлигини, курьер ҳақи учун яна 97 доллар жўнатсам, товарни менга душанба кунига етказишларини айтди.

Мен бу пулни бир неча ой ишлаб топганимни, бунақа ҳаром йўл билан топилган пул буюрмаслигини айтдим ва пулимни қайтаришларини сўрадим. У эса, «Эртага гаплашамиз», деб хабар ёзди ва шу билан ҳалигача ундан жавоб келмади.

Ўша воқеадан кейин, куни кеча яна OLX.UZ’га яна ўша – таниш мавзудаги эълонга кўзим тушди. Хаёлимдан «Тошкентда унга ёрдам бериб турадиган шериклари бор, шекилли», деган фикр ўтди. Мана ўша эълонлари:

Кўриб турганингиздек, фирибгарнинг эълон бериш учун қўллайдиган ники (юзер исми) – reynolds, унинг жойлашув ери эса Тошкент шаҳри Бектемир туманида бўлиб кўриняпти. ШУ ФИРИБГАРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГЛАР!

Хуллас, мени-ку яхшилаб чув туширишди. Энди қанча уринмайин, барибир пулларимни қайтара олмайман. Сизлардан илтимос, буни мақола қилиб тарқатинглар, токи бошқа кишилар буларнинг ёлғонига учиб, мендек жабр кўриб қолишмасин.

Яна бир илтимос – телефон рақамим ҳақида ҳеч ким билмаслигини истардим».

* * *

Мана, азиз ўқувчи, ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, бир соддадил ҳамюртимиз фирибгарга ишониб, бир неча ой ишлаб топган пулидан айрилиб қолган. Сиз ҳам шу тариқа ҳийлалар қопқонига тушмаслик учун, ҳамиша огоҳ бўлишга чақирамиз.

Масалан, айни шу воқеа мисолида оладиган бўлсак, смартфоннинг нархи ўта арзонлиги ҳам кишини ҳушёрликка чорловчи сабабдир. Ахир, 128 гигабайтлик хотирага эга бўлган iPhone 7 нархи тахминан 730-750 АҚШ доллари ораларида бўлиши мумкин. Пойтахтимиздаги «Малика» савдо маркази дўконларида ҳам бу моделга тахминан 5 840 000 сўм нарх белгиланган.

Бундан ташқари, ўзи Ўзбекистонда бўлмаган, пулни олганлигини тасдиқловчи, товарни етказиб беришини кафолатловчи бирор ҳужжати бўлмаган кишига ишониш ҳам, юмшоқроқ қилиб айтганда, соддаликдир.

Шунинг учун ҳам интернет-фирибгарлардан эҳтиёт бўлишингизни, мазкур воқеадан имкон қадар яқинларингизни бохабар этишингизни, улар ҳам алданиб қолишларига йўл қўймаслигингизни эслатиб ўтмоқчимиз.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.