Омадли стартап ҳақида: “Одамларнинг уйини тозалаш учун Samsung’дан бўшадик”

Омадли стартап ҳақида: “Одамларнинг уйини тозалаш учун Samsung’дан бўшадик”

Куни кеча МДҲ ҳудудидаги стартаплар ҳақида маълумот берадиган vc.ru сайти Тop.kz компанияси таъсисчисиларидан бири қозоғистонлик тадбиркор Алмас Кебекбаев билан ўтказилган интервью матнини эълон қилди.  Ушбу стартап клининг (тозалаш) ва озиқ-овқат элтуви билан шуғулланади. Бир нечта ҳамкасбларнинг ўзаро жипслашуви ва ғоялари натижасида юзага келган мазкур стартапга ҳозирда 2017 йилда Қозоғистонда ўтказиладиган Қишки Универсиаданинг Олимпия шаҳарчасини тозалаш каби йирик буюртмалар берилган.

“Мен АҚШда таҳсил олганман. У ердан қайтгач, Samsung компаниясининг Қозоғистондаги офисида B2B-менежер вазифасида ишладим. Тўғрисини айтганда, мен ижарада яшардим. Ишга кўп вақт сарфлаганим боис, хонадонни тозалашга етарли вақт ажратишга қийналардим. Бунинг учун уйларни тозалаш хизматларига мурожаат қилганимда, мазкур соҳада етарли провайдерлар йўқлигини аниқладим. Мавжудлари эса ўйлаганингиздан бир мунча қиммат нарх эвазига хизмат кўрсатишарди. Мана шу сабаб туфайли бизда арзон ва сифатли тозалаш хизматини яратиш ғояси пайдо бўлди. Чунки аксарият ёшлар ва ишчилар кўп вақтини ишда ўтказади ва уларнинг кўпчилиги айнан мана шундай хизматларга муҳтож эди. Биз аввал мазкур сегментни яхшилаб ўрганиб чиқдик. Имкониятлар биз кутгандан ҳам кўпроқ бўлиб чиқди. Натижада мен ва ҳамкасбим Константин Samsung’дан бўшадик ҳамда ушбу стартап билан жиддий шуғулланишга киришдик”, – дейди Алмас Кебекбаев, сайт журналисти билан ўтган суҳбат вақтида.

33fde8b3818c2a

Стартапнинг аввалида Алмас ва унинг ҳамкасблари бир хонали квартирада иш бошладилар. Бир неча кишидан иборат гуруҳ ҳам қўнғироқларга жавоб берар, ҳам вазифаларни ижро этарди. Керак бўлса, ўзлари мижознинг уйига бориб, хонадонни тозалашарди. Кейинчалик стартапга зарур миқдорда сармоя жалб этилгач, ишчилар сони оширилади ва офис учун коттеж ижарага олинади.

Кейинчалик компания озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришга қаратилган Topfood.kz хизматини ҳам йўлга қўяди. Энг қизиғи, молиявий қийинчиликлар вақтида ҳам стартапнинг аксарият ходимлари лойиҳани тарк этишмайди.

Алмаснинг айтишича, стартап муаллифларининг қариндошлари ва дўстлари лойиҳанинг илк мижозлари бўлишган. Кейинчалик контекст ва ижтимоий тармоқлардаги фаол реклама туфайли стартап мижозларининг доираси кенгайиб боради.

“Биз мижозлар учун уйни тозалаш бўйича ҳафталик ва ойлик обуна абонементларини ташкил қилдик. Бундан ташқари, доимий мижозларга 20%лик чегирма ҳам тақдим қилдик”, – дейди стартап муаллифи.

14202588_580668208761059_8935811138668696488_n

Стартапга ходимлар бир қатор синовлардан ва текширувлардан кейин ишга олинади. Ахир, бегона одам сизга ўз уйини ишониб ташлаб кетгандан кейин, сиз ҳам уйдаги тартибга жавоб беришингиз керак-да. Лойиҳа раҳбарининг сўзларига қараганда, ҳар битта хонадон тозаланиб бўлингач, стартап кол-центри мижозга қўнғироқ қилиб, хизмат сифатини баҳолашни сўрайди. “Агар мижозга кўрсатилган хизматда бирор нима маъқул келмаса, биз унга чегирма тақдим этамиз ёки ходимни камчиликни тўғрилаш учун қайта юборамиз”, – деб таъкидлайди Алмас Кебекбаев.

maxresdefault

Top.kz ва Topfood.kz лойиҳалари айни пайтда Қозоғистоннинг Алмата ва Астана шаҳарларида фаолият юритмоқда.

Стартап корпоратив сегментда ҳам фаол ишлашни режалаштирмоқда. Улар кейинги босқичда ташкилот офисларини тозалаш бўйича хизмат кўрсатмоқчилар. Ҳозирда айнан мана шу сегментда ишлайдиган ходимлар лойиҳага жалб қилинган. Бундан ташқари, айни вақтда стартап мураккаб тозалаш талаб этиладиган саноат соҳасига ҳам кириб бормоқчи.

Алмаснинг таъкидлашича, мижоз – бу ҳар қандай бизнеснинг асосий инвестори. Мижознинг сўзига қулоқ тутиш керак. Мижоздан ҳар доим хизмат сифати ҳақида сўраш керак. Бу ҳар қанақа стартапнинг муваффақият қозонишида муҳим омил ҳисобланади.

Йирик компанияда ишлаган икки дўстнинг пухта ўйлаб чиққан режалари бугунга келиб ўз мевасини бермоқда. Уларнинг шижоати ҳозирги давр ёшларининг ҳолатини яққол акс эттиради. Боиси стартап ва бизнес орқали сиз ўзингиз учун ишлайсиз, давлатга солиқ тўлаган ҳолда унга ҳам фойда келтирасиз.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.