OnePlus 3T: “1-рақамли хитойлик смартфон” …ми?

OnePlus 3T: “1-рақамли хитойлик смартфон” …ми?

Техник жиҳатлари:
· Алоқа тармоқлари: GSM 850/900/1800/1900, 3G, 4G LTE, LTE-A Cat. 6, 4G FDD-LTE: bands 1/3/5/7/8; TDD-LTE: bands 38/39/40/41;
· Дисплей: 5.5 дюймли, 1920х1080 белги, ҳар дюймди 401 ppi, Optic AMOLED матрица, Gorilla Glass 4 ҳимоя шишаси;
· Платформа: Qualcomm Snapdragon 821, (Kryo, 2х2,35 ГГц, 2х1,6ГГц), Adreno 530 видео-карта;
· Оператив хотира: 6 Гб (LPDDR4), 64/128 Гб доимий (UFS 2.0), microSD — йўқ;
· Операцион тизим: Android 7 ва Nougat;
· SIM-карта: 2 та nano;
· Бош камера: 16 Мп Sony IMX298 датчиги), автофокус, суратни барқарорлаштириш функцияси ва, диафрагма f/2.0;
· Олд камера: 16 Мп (Samsung 3P8SP), f/2.0;
· Коммуникация: Bluetooth 4.2, Wi-Fi 802.11 a/b/g/n/ac, USB Type C, NFC;
· Аккумулятор: 3400 мА соат, Dash Charge (4A/5V) — 30 минутда тўлиқ қувват билан таъминлайдиган технология;
· Бармоқ излари сканери: мавжуд;
· Ўлчамлари: 152.7х74.7х7.35 мм, вазни 158 грамм.

Танишув

Гарчи, 2016 йилда жаҳон миқёсида гелекси туркумининг сўнгги вакили энг яхши смартфон деб топилган бўлса-да, йил давомида у билан беллаша оладиган, йил қаҳрамони бўлишга арзигулик смартфонлар ҳам тақдим қилинган. Хитойнинг OnePlus компанияси илк смартфони билан тилларга тушган эди. Компания 2016 йилнинг июнида тақдим қилган OnePlus 3 кўпчиликнинг эътиборини қозонган. OnePlus  томонидан ноябр ойида ушбу смартфоннинг “OnePlus 3T” номи билан янада такомиллашган версияси сотувга чиқарилди.

Бу гал OnePlus 3’да ўрнатилган Qualcomm Snapdragon 820 процессоридан воз кечилган ва янги гаджетга 2016 йилнинг илғор Snapdragon 821 процессори ўрнатилган. 8 МП олд камера модулининг сиғими ошиб, энди бош камера каби, 16 мегапикселли сенсор билан таъминланди. Аккумулятор сиғими 400 мА соатга оширилиб, 3400’га етди.

Дизайн, ўлчам ва бошқарув элементлари

OnePlus 3T ташқи кўринишидан “аждоди” бўлмиш OnePlus 3’дан фарқ қилмайди. Унинг металл корпусининг дизайн ечими, камера модулининг катталиги HTC флагманларини эслатиб юборади. Орқа панелнинг юқори ва қуйи қисмларида антенна учун пластик улоқ ўтказилган. Олд панелдаги ром қирралари силлиқланган. Экран 2.5D эффектига эга Corning Gorilla Glass 4 ҳимоя шишаси билан қопланган. Дисплей ҳам ҳимоя пленкасига эга. Бош камеранинг роми пўлат металлидан тайёрланган. Камера объективи эса зангори шиша билан қопланган.

Корпус ихчам ва қулай, шакл ва тузилиши симметрик, йиғилиши пишиқ ва сифатли. Расмий сотувда унинг бронза («Gunmetal») ҳамда тилла ранг («Soft gold») талқинлари мавжуд.

Экран диагонали 5.5 дюйм бўлган гаджетнинг ўлчамлари:  152.7 x 74.7 мм. Корпус қалинлиги 7.35 мм эканлиги ғоятда таассуротли. Смартфон қия шаклдаги корпус қирралари ва ихчам эни, 158 граммли вазни билан кафтда қулай жойлашади.

Олд панелнинг юқорисида ўтказиб юборилган қўнғироқ ёки смс-хабарлар ва бошқа огоҳлантиришлар учун индикатор ўрнатилган. Созламаларга кириб уни 8 та рангдан бирига алмаштириш мумкин. Шунингдек, унинг қаторидан ёруғлик, оралиқ-масофа, селфи-камера сенсорлари ҳамда суҳбат учун динамик мавжуд. Смартфон спикери баланд ва товуш узатиши тоза. Суҳбатдошнинг овози аниқ ва акс-садосиз эшитилади. Фойдаланувчининг овози ҳам 2-томонга яхши эшитилади.

Дисплей остида эса бармоқ изларини сканер қилувчи марказий сенсор тугмаси мавжуд. Фойдаланувчиларнинг фикрига кўра, бармоқ излари сканерининг ишлаши билан муаммо йўқ. Унинг икки ёнида «Орқага» ва «Меню» сенсор тугмалари мавжуд. Созаламалрда уларнинг ўрнини алмаштириш ҳам мумкин. Бош тугмага уни босиб туриш ёки бармоқ зарбига кўра ҳам буйруқ берса бўлади.

Корпус қуйисидан баланд овоз динамиги, USB Type-C универсал порти, бош микрофон ҳамда аудио-қулоқчинлар учун ов3.5 мм.ли коннектор ўрнатилган. Корпус томи эса элементлардан холи.

Корпуснинг ўнг томонида – металлдан ишланган ёқиш тугмаси, сим-карта учун 2 та бўлмача мавжуд.

Овозни бошқариш клавиши корпуснинг чап томонидан ўрин олган. Унинг ёнида смартфонни керак маҳалда овозсиз тизимга ва яна одатий режимга ўтказадиган тугмача ҳам ўрнатилган.

Орқа панелнинг юқорисида 1.5 мм ҳажмли бош камера туйнуги, 2-микрофон ҳамда светодиодли фоточақноқ бор.

Дисплей

OnePlus 3T’нинг 5.5 дюймли экран дисплейининг ҳажми – 68×121 мм. Дисплейнинг юқори қисмидаги ҳошия ҳажми – 15 мм, қуйи ҳошияси – 16, ўнг ва чап томондаги ҳошия тахминан 3 мм. Дисплейга экрандаги шуълани қайтарувчи қоплама ётқизилган.

Дисплей сиғими – FullHD, яъни 1920×1080 белгини қамраб олади, ҳар дюймдаг 400 пиксел. Дисплей матрицаси – Optic AMOLED. Optic – бу маркетинг номи. ОnePlus 3T экрани максимал ҳолатда ўзидан 423 кд/м2 миқдордаги ёруғлик ажрата олади.

Дисплейнинг ўзига хос яна бир жиҳати – мутолаага мўлжалланган тунги режим. Бу жиҳат бугун барча замонавий экранли гаджетларда мавжуд.

Экран бурчакларида ҳам тасвирнинг акс этиши яхши. Умуман олганда, экраннинг сифати SuperAMOLED-матрицали бошқа андроид смартфонлариники билан бир хил, яъни сифатли.

Платформа самарадорлиги ва операцион тизим

OnePlus 3T йирик сиғимли, 6 Гб “оперативка”га, 64 Гб ҳамда 128 Гб талқиндаги хотирага эга. Унда microSD қўшимча хотира бўлмачаси йўқ.

OnePlus 3T смартфонида 2016 йилнинг кучли процессори – Qualcomm Snapdragon 821 ўрнатилган: 64 битли бу чип  маълумотларни 14 нанометрли жараёнда қайта ишлайди,  Kryo архитектурасига эга 2 та ядронинг частота тезлиги 2.34 ГГц амда яна 2 тасиники 2 ГГц. График-тасвирлар учун Adreno 530 (653 МГц) видео-картаси масъул.

Смартфонда операцион тизимнинг ишлаши жойида: тезкор ва аниқ, узилиш ва “қотиб қолиш”лар кузатилмайди. Аппаратда ишлаш қулай ва қизиқарли. Antutu бенчмаркида смартфон 2016 йил учун деярли рекорд, яъни 155 000 балл тўплаган ва рейтингда 5-ўринни эгаллаган.

Катта кучланишда, яъни графикага бой ўйинларни ўйнаганда телефон олд панелида ва орқа панелидаги камера атрофида бир оз, аниқроғи 36 градусли қизиш кузатилади.

Қурилма Google Android 6.0.1 Marshmallow’нинг ўзлаштирилган  Oxygen OS 4.0.3 версияси билан ишлаб чиқарилади. 2017 йилнинг 15 апрел куни ишлаб чиқарувчи аппарат фойдаланувчилари янада янги Nougat тизимини юклаб олишлари мумкинлигини маълум қилишди. Тизимда кўп ойнали режим ҳам мавжуд.

Интерфейсдаги “соатлар” иловаси, “қўнғироқлар” иловаси такомиллашган. GPS иловаси бойитилиб, энди смартфон фойдаланувчининг жойлашув ўрнини янада аниқ белгилаб беради. Экран юқорисида турадиган огоҳлантиришлар ойнаси орқали дисплейнинг ўз ёруғлигини белгилайдиган режимни ёқиш ёки ўчириш мумкин. Сананинг ҳамда огоҳлантиришларни акс эттириш, тез-тез фойдаланиладиган иловаларни тезкор очиш, бармоқ зарбасига кўра Home тугмасига топшириқ бериш каби смарт-функцияларнинг жорий қилинганлиги ўзига хос.

Аккумулятор

Айтганимиздек, бу моделда электр токи сиғими 3400 мА соат бўлган “қувват тоши”дан фойдаланилган.

Wi-Fi орқали Твиттер, почта, Telegram иловалари, умуман интернетдан фойдаланганда, 1 соат тўлиқ ёруғлик билан HD тасвир кўрганда, 6 соат ўйин ўйнаганда смартфон қуввати кун бўйи етади. Аниқроғи 18 соатга! Смартфонда 9 соат тўхтовсиз юқори сиғимли видео кўриш мумкин. Унда Dash Charge номли тезкор қувватлаш технологияси татбиқ қилинган. Яъни, 30 минут ичида аккумуляторни тўлиқ қувватлаш мумкин.

Коммуникация имкониятлари

OnePlus 3T аппарати 2 та nano ўлчамли SIM-картани қўллаб-қувватлайди. Ҳар иккала бўлмача алоқанинг 3G/4G (LTE) тармоқларини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, яқин масофада тўловларни электрон амалга ошириш имконини берадиган NFC технологияси ҳам мавжуд.

Смартфон Wi-Fi (ac ва b/g/n/ac), Bluetooth 4.2, GPS, ГЛОНАСС ва BeiDou симсиз тармоқларида ишлайди. Ундаги USB Type-C (USB 2.0) орқали ҳам маълумотларни алмашиш ва қурилмани қувватлаш мумкин.

Мультимедиа

OnePlus 3T смартфонидаги овоз динамиги сифат жиҳатдан ўртадан бир оз юқори. Бу борада гаджет Meizu Pro 6 Plus, Samsung Galaxy S7 билан беллаша олади. Мусиқа учун махсус фирма плеери ўрнатилган. Dirac HD Sound иловаси овозни янада созлаб эшиттиради.

Камералар

OnePlus 3T камераси учун 16 мегапикселли, апертура стандарти f/2.0 бўлган Sony IMX298 сенсори танланган. У оптик барқарорлаштириш функцияси, фазали автофокус функцияларига эга. Камера видеони FullHD ва 4К сиғимларда ёзади. Ёруғлик яхши бўлса, суратлар ҳам аниқ-равшан чиқади.

Олд камера ҳам 16 Мп сиғимли. Унга Samsung 3P8SP сенсори ўрнатилган. Суратга олиш сифати ўртадан бир оз юқори. У  оптик барқарорлаштириш функциясига эга.

Қуйидаги суратларда OnePlus 3T камерасининг имкониятларига ўзингиз баҳо беринг:

Нарх-наво

OnePlus 3T флагманининг 64 ГБли талқини 439 доллар, 128 гигабайтлиси 479 доллардан сотувга чиқарилган эди. AliExpress орқали бугунда бу смартфонни 410 долларга буюртма қилса ҳам бўлади. Юртимиз смартфон бозорларида OnePlus 3T ўртача 450 АҚШ долларидан сотилмоқда.

Хулоса

Металлдан йиғилган ихчам корпус, кенг ва рангдор экран, самарали фаолият ва йирик тезкор ҳамда доимий хотира, йирик сиғимли бош ва олд камера, қизиқарли функцияларга бой операцион тизим билан OnePlus 3T сизни хурсанд қилиши мумкин. Аксарият фойдаланувчиларнинг фикрича, бозорда Xiaomi Mi5S ҳамда Meizu Pro 6 Plus гаджетлари унинг кучли рақиблари.

Хулоса

OnePlus 3T

8.5балл

Металлдан йиғилган ихчам корпус, кенг ва рангдор экран, самарали фаолият ва йирик тезкор ҳамда доимий хотира, йирик сиғимли бош ва олд камера, қизиқарли функцияларга бой операцион тизим билан OnePlus 3T сизни хурсанд қилиши мумкин.

Дизайн

Дисплей

Камера

Процессор

Қаердан сотиб олиш мумкин?

olx.uz $450 Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • AMOLED-дисплей
  • Процессорнинг самарали ишлаши
  • Ҳар иккала камера сиғимининг юқорилиги
  • Бармоқ излари сканерининг ишлаши
  • Тезкор қувватлаш

 Камчилиги

  • Бош камера сифати жуда юқори эмас
  • Доимий хотирага маълумот ёзиш тезлиги ўртача
Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.