OnePlus 3T смартфони 15 ноябрда расман намойиш этилади

OnePlus 3T смартфони 15 ноябрда расман намойиш этилади

“Флагманлар кушандаси” деб ном олган Хитойнинг OnePlus компанияси 15 ноябрда ўзининг навбатдаги модификациядаги модели OnePlus 3T смартфонини расман тақдим этади. Аввалроқ сайтимизда фирманинг янги қурилма устида иш бошлагани ҳақида хабар ёзган эдик.

IXBT нашрининг маълум қилишича, янги смартфоннинг тақдимоти доирасида хитойлик шоввоз яна бир нечта янги гаджетларни ҳам оммага намойиш этиши мумкин. Ҳатто баъзи таҳлилчилар, тизердаги Т ҳарфига ишора қилган ҳолда OnePlus янги планшетни (инглизча tablet) ҳам тақдим этишини истисно қилишмаяпти.

Тахминларга кўра, ОnePlus 3Т Snapdragon 821 SoC процессори, LCD-экран, 6 ГБ LPDDR4 оператив хотира ва 64 ГБ доимий хотира билан жиҳозланади. Моделга 8 МПли олд камера ҳамда Sony IMX298 сенсорига эга бўлган 16 МПли асосий камера ўрнатилади.

Бундан ташқари, янги авлод “флагманлар кушандаси” симметрик USB Type-C порти, бармоқ изи сканери, тезкор зарядлаш технологиясини қўллаб-қувватлайдиган сиғими 3000 мА/соатли батарея ва 4G VoLTE модулига эга бўлиши мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.