OnePlus 5T’нинг асосий «фишка»сини Samsung етказиб беради

OnePlus 5T’нинг асосий «фишка»сини Samsung етказиб беради

Ҳали тақдим этилмаган OnePlus 5T смартфони учун энг диққатга сазовор бутловчи қисмни кореялик техногигант етказиб берадиган бўляпти. Бу тўғрида GizmoChina нашри хабар берган.

OnePlus компаниясининг асосий шахслари Пит Лау ҳамда Карл Пей ўзларининг Twitter аккаунтларида Samsung компаниясининг дисплейлар ишлаб чиқишдаги хизматларини эътироф этишган. Шунга қараганда, 5T модели учун дисплейларни айнан Samsung етказиб бермоқда.

«OLED янада юпқароқ қурилмалар тайёрлашга ҳамда тасвир сифатини яхшилашга ёрдам беради. Samsung’нинг дисплейлар яратиш технологияси бугунги кунда Optic AMOLED учун энг яхшисидир», деган Пит Лау.

ЎҚИНГ: HD, Full HD, Quad HD, Ultra HD – бу терминлар нимани англатади?

Гап-сўзларга қараганда, OnePlus 5T моделининг энг муҳим «фишка»си – мутлақо янги, томонлари ўзаро 18:9 нисбатли, Full HD+ сифатли (2160x1080 пикселли), диагоналига 6 дюймли OLED-экран бўлади. Афтидан, бу модел учун OLED-матрицаларни мазкур бозордаги асосий ишлаб чиқарувчи – Samsung етказиб беради. Дисплей юпқа ром билан ўралганлиги сабабли, муҳандислар смартфоннинг олд панелидаги «Уйга» тугмачасидан воз кечишларига тўғри келган. Бармоқ изи сканерини эса корпуснинг орқа панелига кўчиришган. Бу – OnePlus тизимидаги қурилмалар учун янгича ечимдир. Инсайдерларнинг таъкидлашларига кўра, OnePlus 5T модели худди OPPO F5’нинг нусхасидек таассурот уйғотади.

OnePlus 5T смартфони ҳали 16 ноябрда расман тақдим этиладиган бўлса-да, OppoMart ритейлери ўз сайтида бу смартфон хусусиятларини аллақачон сотиб қўйган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.