OnePlus 5T тақдим қилинди: илғор гаджет эски нархда!

OnePlus 5T тақдим қилинди: илғор гаджет эски нархда!

Кеча АҚШ нинг Бруклин шаҳрида хитойлик OnePlus компанияси OnePlus 5T флагманини тақдим қилди. Смартфон йириклашган экрани, юпқа ромлари, илғорлашган камералари, ҳамда OnePlus 5'ники каби нархи билан диққатга сазовор.

Дисплей
OnePlus 5T'нинг «аждоди»дан фарқи унинг дисплейи бўлди. Бу дисплей янги стандарт асосида ишлаб чиқарилган: томонлар нисбати 18:9 ва жуда юпқа ромлар билан ўраб олинган. Олд панелнинг 80,5% қисми экрандан иборат. Экран матрицаси Optic AMOLED технологияси асосида тайёрланган бўлиб, унинг пикселлар сиғими — 2160x1080 белгига тенг. Дисплей диагонали туркумга хос анъанавийлик -- 5,5 дюймдан 6.1 дюймга катталашган. Бироқ, юпқа ромлар эвазига смартфон корпусининг ҳажми деярли ўзгаришсиз қолган.

Экран ёнларидаги ромнинг юпқалашгани боис, бармоқ излари сканери орқа панелга кўчирилган. Сенсор клавишлар ҳам тубдан ўзгариб, энди экранда дастурий тугмаларга айлантирилган. Бармоқ излари сканерининг орқа панелда жойлашуви ноқулайлик туғдиришини инобатга олиб, OnePlus 5T'да гаджетни юз-қиёфа орқали блокировкадан чиқариш технологияси жорий қилинган. У 90 фоиз ҳолатда аниқ ишлайди. Олд панелда бунинг алоҳида камера мавжуд эмас. Олд камеранинг ўзи қиёфани текширувдан ўтказишга мўлжалланган.


Корпус
Алюминий корупсга ўрнашган дисплейнинг янгилангани ва бармоқ сканерининг орқага кўчгани ҳисобга олинмаса, смартфон дизайни сақлаб қолинган. OnePlus'нинг бу йилдаги иккинчи смартфони орқа панелдан жилосиз-қора корпусдаги iPhone 7 Plus'ни эслатиб юборса ҳайрон қолманг. Уларнинг қўш камераси ҳам, логотип жойлашуви ҳамда антенна улоқлари ҳам бир хил. Бироқ, 3,5 мм.ли қадрдон аудио қулоқчин туйнуги сақлаб қолинган.

Камера
OnePlus 5T камераси аниқлиги жиҳатидан аввалгилари билан бир хил, яъни 20 ва 16 Мп сиғимли (Sony IMX398 ва IMX376K), бироқ иккинчи камера объективига нисбатан илғор f/1,7 диафрагмаси ўрнатилган. Демак, смартфон ёруғлик кам шароитда ҳам яхши суратга олишни уддалаши керак. Шунингдек, олд камера пиксели ҳам ошган — 16 Мп.

Камера оптик барқарорлаштириш функциясига эга бўлмаган. Шу билан бирга, смартфон электрон барқарорлаштиргич ёрдамида 4K-сиғимли видеолар ёза олади.

Компания доимо фотокамера яратишга эътибор қилган. OnePlus 5'нинг бош камерасидаги иккинчи модул оптик яқинлаштиришда ишлатилган бўлса ҳам, объектни 1,4 карра яқинлаштира олар эди. Шундан кейин объектни яқинлаштириш учун дастурий таъминот суратни кесар эди. OnePlus 5T'да бу функциянинг такомиллашуви кутилаётган эди.

Аккумулятор Dash Charge технологиясини қўллаб-қувватлайди ва 30 дақиқада бир кунга етадиган қувватни тўплай олади. Бунинг учун USB Type-C (USB 2.0) порти мавжуд.

Экспертларнинг фикрича, смартфон корпусининг чангдан ҳимояланмагани унинг катта камчилиги бўлиши мумкин. Қолаверса, қадоқдан олганда у Android 7.1.1 Nougat'нинг Oxygen OS 4.7 тизимида ишлаши ҳам компаниянинг дангасалигидан дарак. Бугун илғор гаджетлар Android 8.0 Oreo билан тақдим қилинмоқда. Ҳарқалай, флагман деган номи бор.

Жиҳатлари
OnePlus 5T процессори ҳам олдинги йилги модел — Snapdragon 835. Бу ҳануз жаҳоннинг энг илғор чипи. Qualcomm кейинги илғор процессор бўлган Snapdragon 845'ни декабрда тақдим қилади. Смартфон бошқа жиҳатлари билан "аждоди"га ўхшайди.
Дисплей: 6 дюймли, 2.5D эффектидаги Corning Gorilla Glass 5 шишаси билан қопланган;
Процессор: Snapdragon 835 — 8 ядро, 2,45 ГГц частотали;
Бош камера: қўш -- 20 Мп + 16 Мп, диафрагма F1,7;
Олд камера: 16 Мп;
Хотира: 6 ГБ / 8 ГБ тезкор, 64 ГБ / 128 ГБ доимий;
Аккумулятор: 3300 мА/ соат;
ОТ: Android 7.1.1 Nougat'нинг Oxygen OS талқини;
Ўлчами, вазни: 156,1x75x7,25 мм, 162 грамм.

Нарх-наво
OnePlus 5T'нинг нархи OnePlus 5 билан деярли бир хил — 499 доллардан бошлаб (64 ГБ модели). Аниқроғи ўртадаги фарқ 20 доллар. Энг юқори талқин $560 доллардан сотилади. Смартфон 21 ноябрдан Хитойда сотувга чиқарилади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.