“Онлайн муҳитда ёшларни ҳимоя қилиш бўйича қўлланма” ишлаб чиқилди

“Онлайн муҳитда ёшларни ҳимоя қилиш бўйича қўлланма” ишлаб чиқилди

Мазкур қўлланма Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2016-йил 7-апрелдаги қўшма қарори асосида тасдиқланди. Қўлланманинг тасдиқланиши, шунингдек, Республика Маънавият тарғибот маркази ва Республика “Камолот” ЁИҲ Марказий кенгаши билан келишилди.
“Онлайн муҳитда ёшларни ҳимоя қилиш бўйича қўлланма” вояга етмаганлар ва уларнинг ота-оналарига мўлжалланган бўлиб, унда болаларни Интернет тармоғидаги хавф-хатарлардан асраш ва уларнинг ахборот хавфсизлиги меъёрларига риоя қилишлари бўйича тавсиялар мавжуд. Жумладан, қўлланмада вояга етмаганлар 3 тоифага (7 ёшдан 10 ёшгача, 10 ёшдан 13 ёшгача, 13 ёшдан 16 ёшгача) бўлинган ҳолда, уларга ва уларнинг ота-оналарига бир-биридан алоҳида таклифлар ва тавсиялар берилган.
Қўлланма республика бўйлаб тарқатилганидан сўнг, ёш фойдаланувчилар Интернет тармоғидаги салбий контентлардан ҳимояланиш усулларини ўрганишлари, ота-оналар эса фарзандларининг Интернет тармоғидан тўғри ва самарали фойдаланишларини таъминлай олиш имкониятига эга бўлишлари кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2015-йилнинг декабрь ойида республикадаги 7 та вазирлик ва идоралар – Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Республика Маънавият тарғибот маркази ва Республика “Камолот” ЁИҲ Марказий кенгаши ўртасида “Ўзбекистон Республикасида Интернет-маданиятини ривожлантириш бўйича 2016-2018 йилларга мўлжалланган қўшма чора-тадбирлар режаси” келишилган бўлиб, ушбу чора-тадбирлар режаси асосида бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Лазиз Бўранов,
Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази
бўлим бошлиғи 
Манба: Infosec.Uz
Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!