«Оқ хакерлик»ни ўрганиш учун 6 та энг яхши ресурс

«Оқ хакерлик»ни ўрганиш учун 6 та энг яхши ресурс

Одатда хакер деганда, бирор сайтга, бировларнинг ёки бирор ташкилотнинг маълумотлар базаларига ёвуз ният билан, тизимни бузиш орқали кирадиган жиноятчилар тушунилади. Бироқ бу – шунчаки хакинг шаклларидан бири, холос.

Аслида уста хакер умуман жиноятчи бўлмаслиги, бировга ёрдам бериш учун хакинг ҳаракатларини амалга ошириши ҳам мумкин. Ёмон ниятдаги – ноқонуний хакинг билан шуғулланувчиларни шартли равишда «қора хакерлар» дея номлайдиган бўлсак, бировга зиён етказмайдиган «оқ хакерлик» ҳам мавжуд. Бундай хакинг хавфсизлик тизимларидаги хатоликларни хакерлик ҳужумлари орқали топиш ва уларни бартараф этиш учун хизмат қилади.

Хакерликнинг бунақа шакли ноқонуний эмас ва у кейинги йилларда кенг тарқалаётган йўналишлардан биридир. Чунки кўплаб компаниялар ўз сайтларидаги, тизимларидаги «туйнук»ларни топиб бергани учун «оқ хакер»ларга ҳақ тўлашга тайёрлар. Масалан, Android мобил операцион тизимидаги нуқсонни – ҳимоядаги бузиб кириш мумкин бўлган «дарча»ни топганларга Google яхшигина ҳақ тўлайди.

Агарда «оқ хакерлик» сизни ҳам қизиқтирадиган бўлса, у ҳолда буни ўрганишга ёрдам берувчи айрим ресурслар рўйхатини қуйида келтирамиз. Улар орқали сиз бу соҳада керакли билимларни олишингиз ҳамда маслакдошлар топиб, фикр алмашишингиз мумкин.

1. HACKADAY

Ушбу сайт ўта оммалашган бўлиб, компьютер тармоқларига ва бошқа қурилмаларнинг дастурий таъминотига кириш бўйича кўплаб ўқув қўлланмаларини ўз ичига олган. Бундан ташқари, бу ресурсга мунтазам тарзда хакинг дунёсидаги янгиликлар киритиб борилади. HACKADAY’нинг ўз YouTube-канали ҳам мавжуд – ундаги видеолавҳаларда турли амалий тавсиялар кўрсатиб берилади.

Сайтнинг ўзига ушбу ҳавола орқали ўтишингиз, унинг YouTube-каналини эса мана бу манзилга ўтиб томоша қилишингиз мумкин.

2. Evilzone Forum

Бу – бузиб кириш усулларини ҳамда уларни бартараф этиш йўлларини профессионал хакерлар билан бирга муҳокама этиш учун ташкил этилган платформадир. Саволлар бериш ёки жавоб қайтариш учун сайтда регистрация – рўйхатдан ўтиш керак бўлади.

Evilzone Forum’га мана бу ҳавола орқали ўтасиз.

3. HackThisSite

Қисқача номи HTS бўлган ушбу сайт хакинг назариясини ўрганиш ҳамда бузиб кириш малакаларини масалаларни ечиш ёрдамида амалда синаб кўришга ёрдам беради. Шунингдек, унда таълимий материаллар ҳамда янгиликлар ҳам бериб борилади.

Мазкур ресурсга кириш учун мана бу ҳаволадан фойдаланинг.

4. Break The Security

Ушбу сайт хавфсизлик бўйича сертификатланган курсларни ўқиш имкониятини тақдим этади. Унга ушбу ҳавола ёрдамида ўтишингиз мумкин.

5. EC-Council CEH

EC-Council (Электрон тижорат масалалари бўйича маслаҳатчилар халқаро кенгаши) – турли курслар ўтказувчи профессионал ташкилотдир. Унинг оммабоп курсларидан бири – CEH (Certified Ethical Hacker) бўлиб, у «оқ хакерлик» бўйича ўқитиб, тегишли сертификат ҳам беради. Мазкур курснинг сайти таълим олиш ҳамда билимларни амалда қўллаш учун тўлиқ жиҳозлар жамланмасини ўз ичига олган. Қисқаси, профессионал хакер бўлиш учун керак бўладиган ҳамма нарсани шу ердан топиш мумкин.

EC-Council CEH сайти мана бу манзилда жойлашган.

6. Cybrary

Бу – ахборот хавфсизлиги бўйича бепул онлайн-курсларни тақдим этувчи платформадир. Унга кириш учун ушбу ҳаволадан фойдаланишингиз мумкин.

Шунингдек, ахборот технологиялари мутахассиси тўғрисидаги мана бу, дастурчиларнинг маошлари ҳақидаги мана бу  ҳамда хакерлар қандай компьютер ва операцион тизимдан фойдаланишлари хусусидаги ушбу мақолаларимиз билан ҳам танишиб чиқишингиз мумкин.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.