Осиё камерафонлари "жанги": кореялик, япониялик ёки хитойлик -- ким яхши сурат олади?

Осиё камерафонлари

Бугунги камералар ўртасидаги жанг бошқаларидан фарқ қилади. Ундаги рақибларнинг барчаси осиёлик. Бугун Хитой камерафонлари нуфузини ҳамёнбоп Xiaomi Mi 6, Японияни — илғор Sony Xperia XZ Premium, ҳамда Жанубий Корея шаънини — жозибадор Samsung Galaxy S8 Plus ҳимоя қилади.

Суратлар кетма-кетлиги: 1. Samsung Galaxy S8 Plus, 2. Sony Xperia XZ Premium, 3. Xiaomi Mi6

Баҳолаш қандай бўлади?

Бир хил манзара бир вақтнинг ўзида камерфонлар томонидан суратга олинган. Рақиблар кундузи, тунда, яқин масофада, фото-матн, портрет ва селфи жанрида олган суратлари билан беллашадилар. Бу суратларнинг сифатига баҳони интернет фойдаланувчилари қўйишган ва смартфонларга овоз беришган.

1-манзара: кундузги шароитда сурат олиш

Одатда кундузги шароитда сурат олиш энг осон вазифа бўлиб туйилади. Боиси, ёруғлик етарли шароитда ҳаттоки ҳамёнбоп смартфонлар ҳам қойиллатиб суратга оладилар. Бироқ, флагманларнинг ҳаммаси ҳам бу шароитда ёрқин ва деталларга бой сурат олишни уддалай олишмайди.

Бу шартда олинган суратлардаги оқ тус меъёрига, суратлардаги сарғиш ёки кўкиш тусга диққат қилиш зарур. Шунингдек, кундузги олинган суратлар сифати билан боғлиқ энг кенг тарқалган камчилик -- қуёш нури таъсирида сурат чеккаларидаги ранг-тус ўзгариши. Қайси суратда деталлар кўпроқ ва аниқ-тиниқ акс этса, шу камерафон шартимиз ғолиби бўлади.  

Ҳар бир суратни фокус туширилган қисмидан яқинлаштирилган парча:

Интернет фойдаланувчиларининг фикр-мулоҳазалари ва берган овозларига кўра қуйидаги натижалар маълум бўлди:

1. Samsung Galaxy S8 Plus

2. Xiaomi Mi6

3. Sony Xperia XZ Premium

2-манзара: портрет суратга олиш
Портрет жанрида ижод қилишда энг муҳим жиҳат — оқ тус меъёрини тўғри аниқлаш ва манзарани деталларга бой қилиб муҳрлашдир. Инсон юзи ёки териси оқиш ёки сарғиш бўлиб қолмаслиги керак. Суратлардаги ушбу деталларга диққат қилинг: юздаги ранг-тус, соч ва кийим.
Бу суратларни олишда фокус инсон кўзига қўйилган. Смартфонларнинг ҳар бирида бир нечта суратлар олиниб, энг ёрқинлари танлаб олинган. Шундай бўлса ҳам, қайсидир камера барибир ўзига хос, таассуротли портрет олишда тенгсиз эканини исбот қилади.

Ҳар бир суратни фокус туширилган қисмидан яқинлаштирилган парча:

Портрет жанрида ижод қилиш бўйича ғолиблик қуйидагича тақсим қилинди:

1. Samsung Galaxy S8 Plus

2. Xiaomi Mi6

3. Sony Xperia XZ Premium

3-манзара: матнни суратга олиш
Бу имтиҳон камеранинг деталларни муҳрлашда қанчалик моҳир эканини аниқлаш учун керак. Бунда кадрнинг барча қисмида матн аниқ ва ранг-тус бир-биридан кескин фарқ қилиши керак бўлади. Баъзи бир камералар матн суратга олганда қоғозга сарғиз тус беради. Баъзи бир камера иловасида эса митти ҳарфлар кўзнинг ғашига тегар даражада бўлади, мисол учун, ҳарфлар ёнида соялар пайдо бўлади.  
Қуйидаги сюжетда китобнинг 2 варағи кадрга тушган: ўнг томон варақда сурат бўлиб, фокус шу суратга туширилган. Диққат билан қаралса, камералар олган суратлар ўртасидаги сифатда жиддий фарқларни кўриш мумкин.

Ҳар бир суратни фокус туширилган қисмидан яқинлаштирилган парча:

Матн суратга олиш бўйича интернет фойдаланувчилари овозлари асосида аниқланган ғолиблар билан танишинг:
1. Xiaomi Mi6
2. Samsung Galaxy S8 Plus
3. Sony Xperia XZ Premium

4-манзара: селфи
Бу ҳам портрет олишдек у қадар осон иш эмас. Фақат бунда маҳорат олд камерадан талаб қилинади. Бироқ, бу шартда ҳам талаб ўзгармаган: тери ва юздаги ранг тус, аниқлик ва деталлар миқдори ҳисобга олинади. Майда-чуйдаларга ҳам эътибор қилишга тўғри келади. Айниқса, бугун олд камераларда татбиқ қилинаётган косметик, яъни инсон қиёфаси ва рангига махсус тус берувчи функциялар туфайли камералар селфи олишда ҳам илғорлаб кетишди. Бироқ, қуйидаги суратларни олишда бу функциялар ўчириб қўйилган.
Барча камералардаги сиғим ва фокус оралиғи турлича. Шу сабабли, оригинал суратларда қиз яқин ёки узоқда бўлиб туйилиши мумкин. Бу баҳолашга халақит бермаслиги учун қуйида камералар олган суратларнинг марказий қисмларини алоҳида парчада жам қилдик.

Ҳар бир суратни фокус туширилган қисмидан яқинлаштирилган парча:

Селфи суратга олиш бўйича интернет фойдаланувчилари овозлари асосида аниқланган ғолиблар билан танишинг:
1. Xiaomi Mi6
2. Samsung Galaxy S8 Plus
3. Sony Xperia XZ Premium

5-манзара: ёруғлик паст шароитда суратга олиш
Қоронғулик — ҳар қандай камерафоннинг душмани. Ёруғлик паст шароитда суратда "шовқин" миқдори ошиб, ёруғлик таратувчи чироқларнинг шуъласи хиралашиб қолади, деталлар миқдори кескин камайиб кетади.
Ёруғлик паст шароитда смартфон камерасидан оқ тус меъёрини тўғри бериш ва фокусни аниқ нуқтага қўйиш маҳорати талаб қилинади. Бу шартдан ўтиш бирор смартфонга осон бўлмайди. Тунги суратга олиш ҳар қандай камерафоннинг "сири"ни очиб қўйиши мумкин. Боиси, бу шартда энг юқори салоҳият намоён бўлади.
Маслаҳат: аввал суратларга тўлиқ диққат қилинг. Кўзга ёруғлик миқдори кўпайиб кетган ҳолат дарров кўзга ташланади. Ундан сўнг суратнинг қоронғулик акс этган қисмига назар солиб, пикселлар донадорлигига аҳамият қилинг. Бу ISO миқдори ошиб кетганидан дарак. Кўзга хираликлар дарров ташланади. Суратнинг қоронғу қисмида ҳам деталларнинг яхши акс этиши мақсадга мувофиқ.

Ҳар бир суратни фокус туширилган қисмидан яқинлаштирилган парча:


Қоронғудан қўрқмайдиган смартфонлар кетма-кетлиги билан танишинг.
1. Sony Xperia XZ Premium
2. Samsung Galaxy S8 Plus
3. Xiaomi Mi6

6-манзара: макро-яқиндан йирик ҳажмли сурат олиш
Бу имтиҳон камера объектга яқиндан тақалганда датчик ўзини қандай тутишини кўрсатиб беради. Мисол учун, қўлига смартфон олган одам борки, яқиндан майда гуллар ёки жониворларни суратга олгиси келади.
Яқиндан суратга олишда деталлаштириш ва яниқ автофокус -- камерафондан талаб қилинадиган муҳим сифат. Смартфондаги ёруғликни қамраб олувчи оптик линзаси қанча яхши бўлса, объект шунча тиниқ, орқа фон эса ғира-шира бўлиб акс этади. Бу сурат жозибадорлигини оширади. Суратларга баҳо беришда камеранинг ранг-тусни бериш қобилиятига ҳам диққат қилинг.

Ҳар бир суратни фокус туширилган қисмидан яқинлаштирилган парча:

Макро-сурат олиш бўйича интернет фойдаланувчилари овозлари асосида аниқланган ғолиблар билан танишинг:
1. Xiaomi Mi6
2. Sony Xperia XZ Premium
3. Samsung Galaxy S8 Plus

Galaxy S8 Plus макро сурат олишда тенгсиз. Уни объектга яқинлаштирсангиз, фон ҳам зеркалка фотокамераларида бўлгани сингари ғира-шира бўлади.
Бироқ, бир хил вақт ва шароитда олинган юқоридаги суратларда  Galaxy S8 Plus олган сурат хроматик ранглар, яъни рангларнинг бузилиши кузатилади. Пейзаж олганда бу билинмаса ҳам, яқиндан сурат олганда камеранинг мазкур камчилиги кўзга ташланади.

Қолаверса, Samsung флагмани рангдорликни сунъий оширишга ҳаракат қилади. Натижада, қизил рангли объект оловранг бўлиб товланмоқда. Орқа фондаги яшил ранг эса оч тусга кирган. Xiaomi Mi6'да ранг узатиш сифати яхши.

Якун ва хулоса


3-ўрин: Sony Xperia XZ Premium (8 балл)
Япониялик смартфон камераси осиёлик смартфонлар ичида энг паст натижани кўрсатди. Унинг камерасига хос камчиликлар — одамларни суратга олишда ва тунги суратга олишда қийналади. Портрет ва селфи олишда суратдаги қизнинг юзи тиниқ акс этмаган. Тунда эса "шовқин" кўпайиб, деталлар сояда қолиб кетган. Sony Xperia XZ Premium 19 мегапикселли камерага эга бўлган бўлса ҳам, унинг динамик диапазони кичик ва бу пикселлар унга фақатгина ёруғлик яхши шароитда сурат олишига ёрдам беради.

2-ўрин: Xiaomi Mi6 (13 балл)
Xiaomi Mi6 флагмани рақибларига қараганда 2 баробар арзон, яъни энг арзони 400 долларга ҳам етмайди. Xperia XZ Premium эса 900 АҚШ долларигача сотилмоқда. Хитойлик флагман камераси портрет, макро суратлар, шунингдек тунги суратлар олишда маҳоратли. Селфи сифати бўйича Mi6 рақибларидан анча моҳирлиги аён бўлди. Муаммолар йўқ эмас: баъзи суратларда аниқлик, оқ тус меъёри етарли эмас, баъзида яшил туслар пайдо бўлади.

1-ўрин: Samsung Galaxy S8 Plus (15 балл)
Кўпчиликнинг фикрича, Samsung Galaxy S8 Plus камераси — жаҳондаги энг яхши камералардан бири. Бунинг исботини аввалги камерафонларга оид фотосессияларда ҳам кўрган эдик. Кореялик флагман ёрқин, ҳар қандай шароитда деталларга бой сурат олишда маҳоратли. Шу боис, уни ғолиблик билан табриклаймиз!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.