OUKITEL қуввати рекорд даражада узоқ вақтга етувчи смартфон чиқарди (+видео)

  •   DiMaX
  •  2532
  •  17.11.2017 17:25

OUKITEL қуввати рекорд даражада узоқ вақтга етувчи смартфон чиқарди (+видео)

Хитойнинг OUKITEL компанияси ўзининг янги – K8000 смартфонини тақдим этди. Унинг ўзига хослиги нафақат сиғимдор аккумуляторида, балки унинг қувватини оқилона сарфлашида ҳам, деб ёзади AndroidInsider нашри.

Гарчи K8000 моделининг батареяси сиғими катта бўлса-да, рекорд даражада эмас – 8 000 мА/соатни ташкил этади. Бироқ, ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, қувватининг узоқ муддатга етиши бўйича у ҳатто 10 000 мА/соатлик аккумуляторга эга K10000 Pro моделини ҳам ортда қолдиради.

ЎҚИНГ: Аккумулятор борасида «қирол» смартфон савдога чиқди

Келинг, OUKITEL K8000’нинг хусусиятларини акс эттирувчи видеолавҳага назар солайлик:

Хулласи калом, K8000 девайси диагонали 5,5 дюймлик Samsung AMOLED HD-дисплейи билан жиҳозланган. Унинг корпуси яхлит алюминий бўлагидан тайёрланган. Юқори сифатли материаллар ишлатилганлиги сабабли, смартфон жуда нозик кўринади. Корпуснинг орқа панелидан ўрин олган асосий камера 16 ва 2 мегапикселли иккита объективдан иборат. Олд камера эса 8 мегапикселли, кенг бурчакли селфилар олишни қўллаб-қувватлайди. Камера иловасида созламалар бисёр, шу жумладан, суратга олиш режимлари ҳам бор.

Смартфоннинг «юраги» сифатида саккиз ядроли MT6750T процессори хизмат қилади. Унинг самарадор ишлашига 4 гигабайт ҳажмли тезкор хотираси ёрдамга келади. Гаджетнинг ички хотираси ҳажми эса 65 гигабайтга тенг.

ЎҚИНГ: «Ўлдириб бўлмас» смартфонни ярим нархига оласизми? (+видео)

OUKITEL K8000 смартфонининг асосий хусусиятлари:

  • Процессор: MT6750T Cortex A53 1.5GHz, ARM Mali-T860 MP2 680MHZ
  • Операцион тизим: Android 7.0 Nougat
  • Экран: 5,5 дюймлик HD AMOLED LCD, Asahi dDragontrail, 720х1080
  • Ранглари: мовий, қора, тилларанг
  • Видео ёзиш сифати: 1080P
  • SIM-карта: 2 та nano-SIM ёки 1 nano-SIM + 1 SD
  • USB порт: Micro USB
  • Аудио: 3,5 мм
  • WLAN: 802.11 a/b/g/n/
  • Bluetooth: 4.2
  • Ўлчамлари: 156х77,8х10,7 мм, 232,8 г
  • Батарея: 8000 мА/соат, 9V/2A

Хабарга кўра, мазкур смартфонга олдиндан буюртма бериш ноябрнинг охирида бошланади. OUKITEL K8000’нинг чакана савдодаги расмий нархи 229,99 долларни ташкил этади, аммо аввалдан буюртма берувчилар учун чегирмалар бўлади. Бу борада батафсил маълумотни мана бу ҳавола орқали OUKITEL расмий сайтида кўриш мумкин.

ЎҚИНГ: Смартфон харидида эътибордан четда қоладиган муҳим функция