Овқатни ўзи олиб келувчи «ақлли» музлатгич яратилди!

Овқатни ўзи олиб келувчи «ақлли» музлатгич яратилди!

Берлинда бўлиб ўтаётган IFA 2017 кўргазмасида Panasonic компанияси ўзининг янги ишланмасини намойиш этди. Бу – дивандан қўзғалмаган ҳолда, музлатгични ёнига чақириб олишни орзу қилувчи дангасалар учун ажойиб қурилма, деб ёзади Engadget нашри.

Танбалларнинг орзуси

Panasonic «ақлли» музлатгичи худди робот-чангютгич сингари ишлайди. У махсус сенсорлари ёрдамида ўзи жойлашган хона ичини ўрганиб чиқади ва эгасининг ёнига бориш учун барча йўналишларни аниқлаб олади.

Музлатгич мунтазам тарзда кутиш режимида туради. Уй соҳибларидан бири чақиргач, у иш режимига ўтади. Масалан, улардан кимдир «Музлатгич, бу ёққа кел!» дейиши билан қурилма ҳаракатланиб, ўша кишининг олдига боради ва эшигини очиб, ичидагиларни тақдим этади.

Кимга керак ўзи бу?

Табиийки, мазкур музлатгич биринчи навбатда имконияти чекланган кишилар ҳамда кексалар учун ишлаб чиқилмоқда. Бироқ тани-жони соғ кишилар орасида ҳам бу ажабтовур қурилмага эга бўлишни истовчилар топилади. Кимдир қизиқишдан, кимдир эринчоқлигидан...

Аммо бу ҳали орзулигича қолаётир – бу музлатгични барча учун қачон тақдим этишини ҳозирча компаниянинг ўзи ҳам билмаяпти. Шунингдек, бу «ақлли» қурилма устидаги ишлар ҳалиям якунига етгани йўқ, такомиллаштириш жараёни кетяпти. Масалан, Panasonic унга овқатни тезда иситиб ҳам берувчи панель қўшишни режалаштирмоқда.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.