Ўзбекистон БМТ рейтингида жадал "рақамлашаётган" мамлакат деб топилди

Ўзбекистон БМТ рейтингида жадал

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ихтисослашган бўлинмаси ҳисобланган Халқаро электралоқа иттифоқи анъанавий равишда мамлакатларнинг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга оид йиллик рейтингни эълон қилади. Мазкур рейтингни шакллантиришда 3 та бош мезонлар гуруҳига эътибор қаратилади: АКТ инфратузилмаси, ундан фойдаланиш кўрсаткичлари ҳамда аҳолининг АКТ-саводхонлик даражаси. 

Тунис Республикасида ўтаётган Бутунжаҳон телекоммуникация/АКТ кўрсаткичлари 15-симпозиуми доирасида 15 ноябр куни жаҳон мамлакатларининг ахборотлаштириш соҳасидаги кўрсаткичлари ўрин олган янги рейтинг эълон қилинди. Унда АКТ ни ривожлантириш бўйича 192 та давлатда ўтказилган ўрганишларнинг натижалари ўрин олган.

Тадқиқотлар асосида шакллантирилган ҳисоботларга кўра, Ўзбекистон АКТ ни ривожлантириш индексида бу йил 8 ўринга кўтарилган ва ҳозирда 192 мамлакат орасида 95-ўринни эгаллаб турибди. Айтиш жоизки, 2016 йилда Ўзбекистон аввалига 110-ўринни, Халқаро электралоқа иттифоқи томонидан ўтказилган қайта ўрганишлар натижасида эса, 103-ўринни эгаллаган эди.

200 га яқин мамлакатларнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси маъмурлари, йирик бизнесменлар, етакчи олим ҳамда экспертлар иштирок этган нуфузли форумда Ўзбекистон делегациясига Халқаро электралоқа иттифоқи томонидан АКТ ни жадал ривожлантираётган мамлакат сифатида махсус соврин ҳамда йиллик кўрсаткичлар ўрин олган ҳисобот топширилди.

Манбаа: Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ахборот хизмати      

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.