Ўзбекистон маҳсулотлари Amazon орқали ҳам сотилади

Ўзбекистон маҳсулотлари Amazon орқали ҳам сотилади

"Ўзтрейд" халқаро ташқи савдо компанияси ва Американинг Amazon корпорацияси ҳамкорлик ҳақида келишув имзолади.

"Ўзтрейд" компанияси бошқаруви раиси Шароф Раҳмоновнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон томони электрон тижоратнинг барча устун жиҳатларини, айниқса икки мамлакат орасидаги масофа жуда улкан бўлган шароитда яхши тушунади.

"Ушбу йўналишни ривожлантириш мақсадида Американинг Amazon корпорацияси билан келишув имзоладик. Нью-Йоркдаги савдо уйимизнинг барча омборхоналари ҳозирда тўлиғича ўзбек тадбиркорлари ва корхоналари маҳсулотлари учун ажратилган, биз бу маҳсулотларни электрон савдо майдончасига жойлаштирамиз. Келажак электрон тижорат билан боғлиқ, шу боис бу йўналишни ўзлаштириб борамиз", — деди Раҳмонов.

Ўзбекистон ташқи савдо вазири Элёр Ғаниевнинг фикрича, савдо уйининг асосий вазифаси кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар маҳсулотларининг Америка бозорига киришини таъминлашдир.

"Ўзбекистон президентининг АҚШга ташрифи давомида кичик бизнес субъектлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни етказиб бериш бўйича 20 миллион долларликдан ортиқ шартномалар имзоланди. Узоқ масофа ва жиддий транспорт харажатлари бўлишига қарамасдан Америка бозорида бизнинг маҳсулотларга қизиқиш мавжуд. Ўзбекистон маҳсулотлари рақобатбардош ва АҚШ бозорида ҳам шундай бўлиб қолади. Шунинг учун Нью-Йорк марказида, Манхеттенда савдо уйи ташкил қилдик. У бизнесимизнинг барча вакиллари учун очиқ", — деди вазир.

Ҳозирда Amazon компанияси Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг турли вариантларини кўриб чиқмоқда. Масалан, унинг шўъба корхонаси Amazon Web Services республика ҳудудида қуёш панеллари ўрнатилган маълумотлар марказини қуриши, маҳаллий фойдаланувчилар учун ўз платформалари орқали веб-хизматларни тақдим этиши мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.