Ўзбекистон ярим миллион доллар эвазига халқаро илмий ишлар базасига уланди

Ўзбекистон ярим миллион доллар эвазига халқаро илмий ишлар базасига уланди

Ўзбекистонлик олимлар ва талабалар халқаро Web of Science (WOS) илмий-таҳлилий материаллар базасидан фойдаланиш имконига эга бўлдилар. Мазкур тизимга уланишни Фан ва технологиялари агентлиги назорат остига олади. Мазкур тизимга 2017 йилнинг 1 июлидан 2018 йилнинг 1 июлига қадар уланиш учун Ўзбекистон ярим миллион АҚШ доллари миқдоридаги обуна маблағини тўлаб берган.

Юртимиз олимлари ҳамда мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган ёшлар учун яратилган бу имконият илм-фан аҳлига базадаги илмий мақолалардан фойдаланиш, у ерда ўзларининг илмий ишларини чоп қилиш, жаҳон миқёсида амалга оширилаётган сўнгги илмий изланишлар ва уларнинг натижасидан бохабар бўлиш имкониятини беради.

Илмий ишлар базасида бугунгача 18 мингдан зиёд мақола-материаллар, 80 мингдан зиёд монографиялар мавжуд. База жаҳоннинг таниқли илмий журналлари билан ҳамкорлик қилади. Web of Science тармоғига Ўзбекистон илк маротаба 2015 йилда уланган. Бунгача МДҲ давлатларидан Қозоғистон 2010 йилда, Россия 2012 йилда тармоққа обуна бўлган. Ўзбекистон ушбу илмий ишлар базасига материал чоп этиш рейтингида 4700 та ҳужжат билан 99-ўринда турибди.    

WOS тармоғига уланиш Ўзбекистонга халқаро илм-фан ҳамжамиятидаги янгиликларни ҳисобга олган ҳолда, илмий тадқиқотлар олиб бориш, маҳаллий олимларнинг изланишлари билан халқаро ҳамжамиятни таништириш, ёш ўзбек олимларининг ишларини хорижда эълон қилиш учун айни муддао.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!