Ўзбекистонда барча турдаги мобил гаджетлар рўйхатга олинади

Ўзбекистонда барча турдаги мобил гаджетлар рўйхатга олинади

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларни ҳисобга олиш ва олиб кириш тизимини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу тўғрида вазирлик Ахборот хизмати хабар бермоқда. Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикасининг Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида аҳоли фикр-мулоҳазалари ва муносабатларини ўрганиш мақсадида эълон қилинган.  

Ушбу қарор лойиҳасида Ўзбекистонга олиб кирилаётган ва фойдаланилаётган мобил алоқа воситаларини ҳисобга олиш, хусусан мамлакатимизга олиб кирилаётган мобил қурилмаларнинг халқаро идентификация коди (International Mobile Equipment Identity, IMEI) билан мажбурий рўйхатдан ўтказишни тизимини тартибга солиш кўзда тутилган. Мазкур механизмнинг муқобилларидан кўплаб хорижий мамлакатларда фойдаланилади. Бу тизим мамлакат ичкарисига сертификатсиз мобил алоқа қурилмаларини олиб кириш ҳамда улардан фойдаланишга чек қўяди ва қарши курашади.

Шу билан бирга, қурилмаларни IMEI-код билан рўйхатдан ўтказиш тизими телекоммуникация тармоқлари ва воситаларидан рухсатсиз фойдаланишга қарши кураш самарадорлигининг ошиши, мобил қурилмаларни ўғирлаш билан боғлиқ ҳолатларни камайиши ва бу турдаги ўғирликларга қарши тезкор чораларни кўрилишига хизмат қилади. Шунингдек, ушбу тизимнинг жорий қилиниши маҳаллий мобил қурилма ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлашга, маҳсулот ишлаб чиқариш кўлами ва сифатини оширишга замин яратади.    

Қарор лойиҳасига кўра, IMEI-кодларидан фойдаланиш ва уларни рўйхатга олиш масалаларини бошқариш ва мувофиқлаштириш Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, тизимни рўйхатга олиш оператори вазифаси Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш Республика маркази, мобил қурилмаларга гувоҳнома бериш UNICON ДУК зиммасига юклатилиши режалаштирилган.

Қарорда мобил қурилмалардан ноқонуний фойдаланиш, уларни учинчи шахсга бериш мақсадида, IMEI-кодларни ўзгартириш (клонлаштириш, кўпайтириш, бошқасига алмаштириш) каби хатти-ҳаракатларнинг қонунга зидлигини белгилаб қўйиш таклиф қилинмоқда.

Ҳужжатда тегишли равишда IMEI-кодга эга бўлмаган мобил қурилмалардан фойдаланаётган абонентларга мобил хизматларни кўрсатишни тақиқлаш таклиф қилинмоқда. 

Қарорда Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларни рўйхатга олиш қоидаларини қабул қилиш, бунинг учун махсус аппарат-таъминоит комплексини яратиш ҳамда  IMEI-кодларни рўйхатга олувчи тизим оператори қошида абонентларга хизмат кўрсатиш марказини ишга тушириш кўзда тутилган. 

Ҳозирда фойдаланилаётган, импорт бўйича олиб келинган ва маҳаллий компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган мобил қурилмаларни IMEI-код учун рўйхатдан ўтказишни пуллик асосда амалга ошириш таклиф қилинмоқда. Айтиш жоизки, бугунги кунда фойдаланилаётган барча мобил гаджетлар автоматик тарзда рўйхатга олинади. Фойдаланувчи ёки абонентнинг бирор жойга мурожаат қилишига зарурат туғилмайди. Бу тўғрида батафсил қарор имзоланганидан сўнг ишлаб чиқиладиган Вазирлар Маҳкамасининг қарорида баён қилинади. Шунингдек, импорт қилинаётган қурилмаларнинг нархларидаги ўсишни мувофиқлаштириш учун уларга қўлланилаётган божхона тўловларини камайтириш режа қилинмоқда.

Мазкур қарор лойиҳасини такомиллаштиришга қизиқиш билдирган барчани Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларни ҳисобга олиш ва олиб кириш тизимини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори лойиҳасининг муҳокамасида иштирок этишлари мумкин. Ҳужжат лойиҳаси билан қуйидаги манзилда танишиш, фикр ва таклиф билдириш учун бу манзилга ўтинг. Айтиш жоизки, порталда мазкур ҳужжатнинг 1 декабрдан кучга кириши кўрсатиб қўйилган. 

Маълумотнома

Ўзбекистондаги мобил алоқа абонентлари сони айни пайтда 21,5 миллион нафарни ташкил қилади. Ҳар йили Ўзбекистон бозорида ўртача 2-3 миллион дона мобил қурилмалар сотилади. Уларнинг аксарияти мамлакатга айланма йўллар орқали, божхона ва расмийлаштириш жараёнларини четлаб ўтган ҳолда ноқонуний олиб кирилади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.