Ўзбекистонда илк бора “Дастурлаш соати” деб номланган бутун жаҳон таълим акцияси ўтказилади

Ўзбекистонда илк бора “Дастурлаш соати” деб номланган бутун жаҳон таълим акцияси ўтказилади

10 декабрь куни Ўзбекистонда илк бора  компьютерлар ва дастурлашни ўрганишга ёшларни жалб этиш учун қаратилган “Дастурлаш соати” глобал ҳаракати ўтказилади, дея хабар берилмоқда Инҳа университетининг расмий сайтида.

“Дастурлаш соати” акцияси бутун дунё бўйлаб одамларни дастурлаш асосларини ўрганиш учун бир соат сарфлашга чақиради. 2017 йил 10 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида глобал ҳаракат доирасида бир соатлик дастурлаш дарслари бўлиб ўтади.  Лойиҳа “Microsoft” корпорацияси, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва “CodeCraft” лойиҳаси иштирокида ташкил этилган.

Тадбир доирасида 8 ёшдан 11 ёшгача бўлган болалар учун учта дарс машғулоти ўтказилади. Иштирокчиларни рўйхатга олиш http://codecraft.uz/minecraft/ сайтида очилган ва 2017 йил 8 декабрга қадар давом этади.

Мазкур ташаббусни ҳар йили 180 дан ортиқ мамлакат қўллаб-қувватлайди. “Дастурлаш соати” - ҳар бир ўқувчи ва талабанинг ўз қобилиятларини намойиш этишлари, АТ соҳасидаги бошланғич билимларни олишлари, дастурларнинг асосларини ўрганишлари ва келажакда қайси касб танлашга қарор қилишлари учун имкониятдир. Ўқитувчилар, ўз навбатида, ўқитишда янги интерактив технологияларни қўллаш имкониятига эга бўлиб, шу билан ўқувчиларнинг ўз фанларига бўлган қизиқишларини оширадилар.

“Microsoft” компанияси “Дастурлаш соати”га бағишлаб, машҳур “Minecraft” ўйинига асосланган “Hero`s Journey” (“Қаҳрамон йўли”) деб номланган ўйин қўлланмасини чоп этди. Қўлланма мактаб машғулотлари, синфлар ва уй дарслари давомида компьютер фанининг асосларини содда ва қизиқарли тарзда ўрганиш учун мўлжалланган. Муаллифлар, ижодий ёндашган ҳолда Агентлар, яъни қизиқарли қаҳрамонлар ёрдамида ўқувчиларга дастурлашнинг асосий тушунчалари ва принципларини тақдим этадилар. Мазкур акцияга хоҳиши бўлган ҳар қандай таълим муассасаси қўшилиши мумкин.

“Бизнинг вазифамиз – ёшларни информатика ва дастурлашга бўлган қизиқишларини ошириш, IT-соҳасининг обрўсини ошириш, мактаб ўқувчиларини мазкур соҳада касб олишларига рағбатлатиришдир. Ёшлар эътиборини ахборот технологияларига жалб қилиш учун, мураккаб нарсалар тўғрисида оддий, ҳар бир киши учун тушунарли, содда тилда тақдим этиш муҳим аҳамиятга эга. Бугун биз ахборот технологияларисиз ҳаётни тасаввур қила олмаймиз. Ўз карьераларини дастурлаш билан боғлашга қарор қилган талабалар, мураккаб ва шу билан бирга жудаям нуфузли соҳада ўсиш ва ривожланиш, катта маошлар олиб, ҳорижда малака ошириш имкониятига эга бўлишмоқда”, - деди Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Сарвар Бабаходжаев.

Ахборот технологиялари жаҳон иқтисодиётини ўзгартиради, ёш авлодга янги талаблар қўяди. Жаҳон иқтисодий форуми натижаларига кўра, замонавий мактаб ўқувчиларининг 65 фоиздан ортиғи келажакда бугунги кунда мавжуд бўлмаган касбларда ишлашади. “Microsoft” мактаблар, университетлар ва хайрия ташкилотлари билан ишлаб, бўлажак мутахассисларни замонавий рақамли иқтисодиётда мослашишга ва профессионал муваффақиятга эришишга зарур бўлган танқидий фикрлаш ва техник кўникмаларга ўргатишади.

“Microsoft” тўғрисида маълумот

1975 йилда ташкил этилган “Microsoft” корпорацияси шахсий компьютерлар ва серверлар учун дастурий таъминот, хизматлар ва Интернет-технологияларни ишлаб чиқариш бўйича дунёда этакчи ҳисобланади.

“Microsoft” кенг кўламдаги дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқаради. Улар орасида иш столи ва тармоқ операцион тизимлари, мижоз-сервер муҳитлари учун сервер иловалари, фойдаланувчилар учун иш столи бизнес иловалари ва офис иловалари, интерактив дастурлар ва ўйинлар, Интернетда ишлайдиган воситалар ва ривожлантириш воситалари мавжуд. Бундан ташқари, “Microsoft” интерактив (онлайн) хизматлар тақдим этади, компьютер мавзуларида китоблар нашр этади, компьютерлар учун периферик ускуналар ишлаб чиқаради, янги компьютер технологияларини тадқиқ этиш ва ривожлантириш билан шуғулланади. “Microsoft” маҳсулотлари дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатларида сотилади, 45 дан ортиқ тилга таржима қилинади ва кўпчилик шахсий компьютерларнинг платформалари билан мос келади.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети тўғрисида

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Тошкент шаҳрида Инҳа университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига биноан 2014 йилнинг 24 март куни бунёд этилган.

Университет ўз фаолиятини 2014 йилнинг 2 октябрь куни бошлади. Бугунги кунда университет “Компьютер ва дастурий инжиниринг” ҳамда “Логистика” йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрлайди. 

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.