Ўзбекистонда интернетни яхшилаш бўйича амалий ишлар бошланди

Ўзбекистонда интернетни яхшилаш бўйича амалий ишлар бошланди

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, 5 февраль куни вазирликда Бутунжаҳон банкининг юртимизга ташриф буюрган махсус вакиллари гуруҳи билан мамлакатимизда "Рақамли Марказий Осиё -- Жанубий Осиё" (Digital CASA) лойиҳасини амалга оширишга тайёргарлик кўриш масаласи муҳокама қилинган.

«Digital CASA» лойиҳаси Осиёнинг ривожланаётган мамлакатларидаги АКТ инфратузилмани ривожлантириш, электрон ҳукумат учун тизимлари ишлаб чиқариш, рақамли иқтисодиётни жорий қилиш ва бошқа йўналишларда фаолият олиб боришни кўзлайди. Учрашувда ҳар иккала томон «Digital CASA» лойиҳаси бўйича ўз фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларини баён қилдилар.

Марказий ва Жанубий Осиёни ягона рақамли хабга боғлайдиган ва трансчегаравий телекоммуникация тармоғини яратишга қаратилган «Digital CASA» ҳудудий лойиҳасида Ўзбекистон Республикасининг иштирокига алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур лойиҳа денгизга чиқиш имкони бўлмаган мамлакатларга Интернет тармоғини яхшилашга, шунингдек, ушбу мамлакатларнинг транзит салоҳиятини оширишига хизмат қилиши кутилмоқда.

Digital CASA – CASA-1000 энергетика лойиҳасининг аналоги бўлиб, у Марказий ва Жанубий Осиёни минтақаларини оптик толали алоқа тармоқлари билан боғлашни мақсад қилган. Лойиҳада Ўзбекистон билан бирга, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон, Покистон каби мамлакатлар иштирок этиши кўзда тутилган. Лойиҳадан кўзланган мақсад -- муқобил алоқа тармоқлари ёрдамида мазкур минтақаларни кенг полосали тезкор ва арзон интернетга улаш.

Учрашувда Ўзбекистон томони мамлакатда бу лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида кутилаётган жиҳатлар ҳақида ўз қарашларини маълум қилган. Учрашувда лойиҳани ишлаб чиқиш юзасидан кейинги режалар белгилаб олинган.

 

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.