Ўзбекистонда талаб юқори 5 та Huawei смартфони: жиҳат ва нарх-наво

Ўзбекистонда талаб юқори 5 та Huawei смартфони: жиҳат ва нарх-наво

Жаҳоннинг етакчи смартфон ишлаб чиқарувчиларидан бўлган Huawei смартфонлари Ўзбекистонда ҳам яхши оммалашган. Биз юртимиз смартфон бозорида бренднинг яхши сотилаётган моделларини ўрганиб кўрдик. Қуйида уларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Huawei Honor 8

Huawei Honor 8’нинг корпуси металл ва шиша уйғунлигида ишлаб чиқарилган. Смартфон 5,2 дюймли FullHD-дисплейга эга. Honor 8 гаджети самарадорлиги учун 8 ядроли, 2,3 ГГц частота тезлигида ишлайдиган Kirin 950 процессори масъул ҳисобланади. Мобил телефоннинг тезкор хотирасининг сиғими 3 ёки 4 ГБни ташкил қилади. Смартфондаги доимий ички хотира 32 ҳамда 64 ГБ миқдордаги маълумотни сиғдира олади.

Honor 8’нинг қувват таъминоти  3 000 мА·соат электр токи сиғимига эга аккумуляторга боғлиқ. Қувват тоши тезкор қувватлаш технологиясига эга.

Смартфоннинг бош камераси қўш объективли бўлиб,  12 Мп сиғимли суратлар олиш кўникмасига эга бўлади. Селфи-съёмка учун телефонга 8 МП сиғимли олд камера ўрнатилган.

Huawei Honor 8 юртимиз смартфон бозорларида 2,7 млн сўмдан бошлаб сотилмоқда.

Huawei P9 lite

5,2 Huawei P9 lite Full HD сиғимли сифатли дисплей билан жиҳозланган. Смартфон металл корпусга эга. Моделга компания томонидан махсус ишлаб чиқилган, бироқ ўртача, саккиз ядроли  Kirin 650 процессори ўрнатилган.  Қурилма бир текисда ишлайди. Оператив хотира ҳажми – 2 ГБ. Бундай хотира сиғими кундалик амаллар учун етарли. Доимий хотира сиғими – 16 ГБ.

Huawei P9 lite моделида ўрта даражадаги ўйинларни ўйнаш мумкин, процессор мультитаскинг ва мураккаб иловалар ишини ҳам яхши қўллаб-қувватлайди.

Асосий камеранинг аниқлиги -13 МП. Олд камеранинг аниқлиги – 8 МП. Смартфон электр токи сиғими 3000 мА/соат бўлган батареядан қувватланади. Графика, видео, интернет, камера ва бошқа зарурий функциялардан ўрта кўп фойдалансангиз, аппарат эрталабдан кечгача сизга хизмат қила олади. 

Huawei P9 lite юртимиз бозорларида 1,9 млн сўмдан сотилмоқда.

Huawei GR3

Корпуси тўлиқ алюминий қотишмаси металлидан тайёрланган Huawei GR3’нинг 5 дюймли, IPS-матрицали дисплейи HD сиғимли. Huawei GR3 смартфони 64 бит, 8 та Cortex-A53 ядросига эга MediaTek MT6735Tчипсети билан таъминланган. Унинг частота тезлиги 1,5 ГГц. Смартфондаги график-тасвир учун Mali-T720 видеокартаси ва WorldMode LTE-модеми масъул.

Huawei GR3’нинг тезкор хотираси 2 гигабайт, доимий хотираси 16 гигабайт. microSD қўшимча хотира флешкаси орқали хотирани 128 Гб.гача кенгайтириш мумкин. Huawei GR3 камерафон сифатида ёмон эмас. 13 мегапикселли бош камера фоточақноққа эга. Смартфон олд камераси 5 мегапикселли.

Унинг аккумулятор сиғими 2200 мА соат. Ўртача фойдаланганда бу унга 1 кун давомида ишлаши учун кифоя қилади.

Huawei GR3 юртимиз бозорларида 1,3 млн сўмдан сотилмоқда.

Huawei GR5 2017

Huawei GR5 (2017) — металл корпусли смартфон, 5.5 дюймли Full HD дисплей, 64 бит тезликда ишлайдиган 8 ядроли процессор, 3 ГБ тезкор хотира ва 32 ГБ доимий ички хотирага эга, бош камераси қўш объективли ҳамда бармоқ излари сканери билан таъминланган деярли флагман даражасидаги мобиль алоқа воситаси. Huawei GR5 заводдан Android 6.0 операцион тизимининг ўзлаштирилган Huawei EMUI 4.1 талқинида чиққан.

Янги талқинда Qualcomm Snapdragon ўрнига яп-янги ва нисбатан илғор бўлган HiSilicon Kirin 655 процессори ўрнатилган.

Смартфоннинг ўзига хос жиҳатлари қаторига унинг бош камераси 2 та объектив кўринишиа ишлаб чиқилганини айтиш мумкин: 12 ҳамда 2 МПли модуллар таркиби 6 турдаги оптик линза ва фазали автофокус приборларидан таркиб топган.

Huawei GR5 аккумуляторининг электр токи сиғими 3340 мА соат. Бу қувват билан HD сиғимли видеоларни смартфонда 8 соатча томоша қилиш, 5 соат замонавий ўйинларни ўйнаш мумкин.

Huawei GR5 (2017) юртимиз смартфон бозорларида 1,7 млн сўмдан сотилмоқда.

Huawei P8 Lite (2017)

5 дюймли Huawei P8 Lite смартфони FullHD сиғимли. Экран Corning Gorilla Glass 3 ҳимоя шишаси билан қопланган. Девайсда саккиз ядроли Kirin 655 процессори ўрнатилган. Унинг тезкор хотираси 3 ГБ, доимий ички хотира 16 ГБ. Шунингдек, microSD бўлмачаси орқали хотирани 256 ГБ.гача ошириш мумкин.

Huawei P8 Lite 12 МП бош камерага эга. Унинг суратларига юқори баҳо юерилган. Смартфондаги селфи камера сиғими 8 МП.

Huawei P8 lite аккумулятори 3000 мА соат ҳажмдаги қувват сиғимига эга. Смартфон Android 7.0 Nougat операцион тизимида ишлайди.

Huawei P8 Lite (2017) юртимиз смартфон бозорларида 1,7 млн сўмдан сотилмоқда.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!