Ўзбекистонда йўлкира тўлашнинг автоматлаштирилган тизими ишга тушади

  •   DiMaX
  •  1885
  •  28.08.2017 16:28

Ўзбекистонда йўлкира тўлашнинг автоматлаштирилган тизими ишга тушади

Юртимизда, аниқроғи – Тошкент шаҳрида йўлкира тўлашнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилиш арафасида. Бу – жамоат транспортларида йўл ҳақини нақдсиз шаклда тўлаш усули бўлиб, йўловчи ташиш транспорти тараққиётидаги навбатдаги босқичдир.  

Йўлкирани нақдсиз шаклда тўлаш истеъмолчилар учун қулайлик туғдиради, йўловчилар ҳаракатланишининг вақтлари ва йўналишлари ҳақидаги автоматик  тарзда тўпланувчи маълумотлар эса транспорт ишини таҳлил этиш ва оптималлаштириш имконини беради.

Ушбу тизим Сингапурнинг Technobiz Transpay компаниясига тегишли бўлган, ишлаб чиқилишида ўзбекистонлик мутахассислар ҳам иштирок этган платформа асосида жорий этилади. Мазкур лойиҳага ANOR номи берилган бўлиб, у бир қатор афзалликларга эга. Мазкур тизим жорий этилгач, нафақат шаҳар маъмурияти ва транспорт компанияларига, балки бевосита йўловчиларнинг ўзларига ҳам бунинг фойдаси катта бўлади. Жумладан, давлат бюджетига молиявий юк тушиши камаяди, видеокузатув ҳамда GPS-мониторинг туфайли жамоат транспортида хавфсизлик даражаси ошади.

Йўловчилар эса йўлкира тўлаш учун пул санаб ё қайтимини кутиб вақт йўқотишмайди, транспортга чиқиш-тушиш вақти тежалади ва умуман, транспорт хизматларининг сифати ошади.

«ANOR тўлов тизимининг жорий этилиши жамоат транспорти хизматини кўрсатувчи ташкилотлар учун йилига камида 35-40 миллиард сўмни тежаб қолиш имконини тақдим этади, – дейди платформани ишлаб чиқувчи компания асосчиси Ботир Орифжонов. – Жорий этиладиган видеотаҳлил тизими нафақат жамоат транспортининг хавфсизлиги даражасини оширишга, балки йўловчилар ҳаракатини таниш тизими туфайли транспорт воситасига чиқаётган/тушаётганларни автоматик тарзда ҳисобга олишга ҳам имкон беради. Шунингдек, ҳайдовчиларга кунлик режа қўйишдек кам самарали механизмлардан ҳам воз кечилади. Барча турдаги жамоат транспортларида валидаторлар мавжудлиги, шунингдек, барчага тушунарли ва содда бўлган тўлов тизими фуқароларимиз учун ҳам, хорижлик меҳмонлар учун ҳам жуда қулай шарт-шароитлар туғдиради. Ўзбекистон сайёҳларни жалб этишга жиддий эътибор қаратаётган бугунги кунда бу жуда ҳам муҳим».

Булардан ташқари, ANOR тўлов тизими ойлик йўл чипталарини қалбакилаштиришга чек қўяди. Шунингдек, у йўловчиларни тоифасига, ҳаракат йўналишига, сутканинг вақтига кўра янада аниқ тарзда ҳисобга олишни таъминлайди.

Хабарда айтилишича, йўловчиларга транспорт карталарининг икки хил кўриниши тақдим этилади: бир марта кодлаштирилувчи қоғоз карталар (бир марталик чипталар) ҳамда кўп марта тўлдирилувчи, пластик карта кўринишидаги кўп марталик чипталар. Талабалар, ўқувчилар, пенсионерлар ва ҳарбийлар учун имтиёзли кўп марталик карталар тегишли ўқиш, яшаш ва хизмат жойларида таклиф этилади.

Транспорт карталарини Тошкент шаҳри бўйлаб жами икки мингдан ортиқ нуқталарда савдога чиқариш режалаштирилган. Улар орасида метрополитен кассалари, «Тошшаҳарйўловчитранс» АЖ чипталар сотиш нуқталари, почта бўлинмалари, матбуот дўкончалари ҳамда ANOR’нинг ўз савдо нуқталари тармоғи мавжуд.

ANOR лойиҳасининг алоҳида бир бўлимини мобил NFC чиптани ишлаб чиқиш ташкил этади, бу – йўловчининг ўз уяли телефонидаги транспорт картаси, демакдир. Махсус мобил илова ёрдамида транспорт картасининг ҳисобини масофадан туриб тўлдириш, товарлар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш, шахсий кабинетдан фойдаланиш имконини беради ҳамда картанинг хавфсиз сақланишини кафолатлайди.

 Айни дамда ANOR лойиҳаси тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этилган, лойиҳанинг амалга жорий этилиши вақти бўйича қарорлар қабул қилиш эса уларга боғлиқ.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!