Ўзи талаба. Яна талаба-дастурчиларга 4 миллион сўмдан ойлик беради

Ўзи талаба. Яна талаба-дастурчиларга 4 миллион сўмдан ойлик беради

Талаба бўлиш осонмас, айниқса, техника йўналишида. Технологиялар йил, ой сайин ўзгаргани-ўзгарган, фурсат бой берилса, замондан орқада қолиб кетиш ҳеч гап эмас. Аммо шундай талабалар ҳам борки, нафақат ўқишини эплайди, балки бир нечталаб дастурлаш тилларини ўрганиб, ўз компанияларига ҳам асос солишяпти. Масалан, Фаррух Болтаев. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг тўртинчи босқичида таҳсил олаётган суҳбатдошимиз талабалик даври, дастурлаш тилларини ўрганиши ва ўргатиши ҳақида сўзлаб берди.

— Дастурлашни ўрганиш сизга нима берди?

— Дастурлаш тилларини ўрганганим сари университетдаги дарсларим ҳам осонлаша бошлади. Сабаби,  ҳамма фан бир-бирига узвий боғлиқ. Дастурлаш менинг фикрлашимга ва ўрганишимга катта ёрдам берди. Яна шуни айтишим керакки, дастурлашни яхши ўзлаштиришимга сабаб ёшлигимдан инглиз тилини яхши ўрганганим бўлди. Чунки дастурлаш тилларини ўргатадиган 70-80 фоиз адабиёт инглиз тилида. Кўрдимки, ахборот технологиялари жадаллик билан ўсиб боряпти. Буни ҳис қилганим сари ўқишга ва изланишга бўлган «очкўзлигим» тутиб кетар эди. Ҳар куни 3-4 соатлаб электрон кутубхонада ўтириб дарс қилардим. Хуллас, илк талабалик йилларим ўрганиш ва изланишлар уммонида сузиш билан ўтди.

— Қайси дастурлаш тилларини ўргандингиз?

— Асосан веб-технологиялар бўйича дастурлаш тилларини ўргандим: HTML, CSS, PHP шулар жумласидан.

— Илк илмий ишланмаларингизни қаерларда тақдим этгансиз?

— Илк бор 2015 йил 21-22 май кунлари университетимизда ўтказилган халқаро илмий-техник конференцияда қатнашганман. Бу мен учун  катта қадам бўлди. Сабаби, ушбу конференция инглиз тилида бўлди ва ишларим мен кутгандан кўра яхши баҳоланди. Кейин ҳам кўплаб конференциялар, семинар-тренингларда иштирок этдим. Масалан, яқинда университетимизда «Ёшлар — ёшларга» шиори остида биринчи босқич талабалари билан биз — ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётган, тажрибаси бор ёшлар тренинг ўтказдик. Бунда мен дастурлаш ва бизнес бўйича ўз фикрларимни ўртоқлашдим.

— Ҳали талаба бўлишингизга қарамай ўз ўқув марказингиз бор. Қайси фанлардан дарс берасизлар?

— Тўғриси, ўқув маркази очишдан олдин мен IT-фирма очмоқчи эдим. Биз уни «Marcos Soft» деб номладик. Ёнимга ахборот технологияларини, хусусан, дастурлаш тилларини яхши биладиган тенгдошларимни йиғдим. Ишни корхона-ташкилотларнинг расмий сайтларини яратишдан бошладик. Биласиз, ҳозир кўплаб ташкилотларнинг дарвозаларига махсус ID-card билан кириладиган турникетлар қўйилмоқда.

Биз ҳам ташкилотларга турникет қўйиб бериш хизматимизни ишга туширдик. Бир қанча коллежларга турникет ўрнатдик, ўқувчиларнинг келди-кетдиси ҳақида SMS орқали ота-оналарни хабардор қилиб турадиган хизматни жорий этдик.

Бундан фаолиятимиз анча жонланди. Иш жараёнида кўплаб тенгқурларим дастурлашни  ўргатишимни сўрай бошлашди. Кейин дастурлашни ўргатадиган курс очиш фикри туғилди ва шу йилнинг ёз ойларида бу курсларни очдим. Дастурлашни яхши биладиган, меҳнаткаш талабаларни ишга — дарс беришга таклиф қилдим.

Ўзим дастурлашни, тадбиркорликни ўрганиб, IT-фирмамга асос солдим. Ҳозир 12 ходимим, дастурлашни ўрганаётган 70 нафардан зиёд ўқувчим бор. Веб-сайтлар, тизимлар билан шуғулланамиз, яқиндан бошлаб миллий ўйинлар ишлаб чиқишга киришдик. Мақтаниш эмас-ку, аммо талаба-дастурчилар 4 миллион сўмгача ойлик олишяпти.

— Қайси дастурлаш тилларини ўргатяпсизлар?

— HTML, CSS, PHP, C++, Java, Android йўналишларида 70 нафардан ошиқ ёшлар дастурлашни ўрганишяпти. Курсларимизнинг қизиқарли жиҳати шундаки, талабаларга дарс мобайнида махсус лойиҳалар юкланади ва улар ўрганиш давомида шу лойиҳаларни бажариб боради.

— Келажак режаларингиз қандай?

— Режаларим жуда кўп. Баъзида булар ҳақида ўйласам ўзим ҳам қўрқиб кетаман. Аммо, бирдан қандайдир катта ишонч пайдо бўлади. Чунки ёш тадбиркорларга, айниқса,  АКТ соҳасида изланаётганларга катта имкониятлар эшиги очилмоқда.

Мақсадим — нафақат юртимизда, балки дунёда ҳам ўз мавқеига эга бўлган IT-компанияни бунёд этиш! АКТ соҳасида чуқур билимга эга мутахассис бўлиш. Бунинг учун бор куч-ғайратимни сарфлашга тайёрман. Бизда ҳам Беларус, Ҳиндистон, Жанубий Кореядаги каби дастурий таъминот ишлаб чиқарувчи компанияларни шакллантириш учун барча шароитлар етарли, деб ўйлайман.

— Фаррух, бошловчи дастурчиларга қандай таклиф ва тавсиялар берган бўлардингиз?

— Технологиялар оламидаги билимларни тинимсиз ўзлаштиришсин. Энг сўнгги инновацион технологияларни ишлатиб кўришни канда қилмасликлари керак. АКТнинг йўналишлари жуда кўп. Аниқ бир йўналишни танлаб олсалар яхши.

Бир қанча муддат ҳеч нимага тушунмасликлари мумкин. Аммо, энг муҳими, бу вақтда ортга чекинмаслик. Кўпроқ китоб ўқишларини сўрардим! Китобларда ҳар доим янги ғоялар яширин бўлади. Интернетдан унумли фойдаланишни ўрганишни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Интернет — чексиз билимлар базаси. Дастурчи ўзи қилаётган ишга меҳрини бериши керак. Муваффақиятга эришиш, аввало, ўзимизни англашдан бошланади. Мен доим атрофимдагиларга шундай дейман: билим ва ҳаракат ҳаммасини ўзгартиради!

Манба: Xabar.uz

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!