Panasonic 125 долларга кучли чақноқли смартфон чиқарди

Panasonic 125 долларга кучли чақноқли смартфон чиқарди

Биз ҳар куни эшитиб, ўқиб юрган машҳур смартфонсозларнинг кўпфункцияли қимматбаҳо флагманларидан ташқари, фойдаланувчиларнинг ҳақиқий эҳтиёжларига мос ҳолда ишлаб чиқарилаётган ҳамёнбоп смартфонлар ҳам мавжуд. Panasonic компаниясининг Eluga I4 русумли девайси айнан ана шулар қаторига киради, дея хабар беради AndroidInsider нашри.

26 сентябрь куни Ҳиндистонда тақдим этилган бу гаджет Eluga I3 моделининг бевосита давомчисидир. 4G VoLTE технологиясини қўллаб-қувватловчи янги смартфон MediaTek чипсети базасида, Android Nougat операцион тизим талқини бошқаруви остида ишлайди.

Ҳамёнбоплигига қарамасдан, Eluga I4 хусусиятлари ҳозирги замон фойдаланувчисининг смартфонга қўядиган барча талабларини қондира олади.

Eluga I4’нинг диагонали 5 дюймлик экрани HD (1280 x 720 пикселли) сифатига эга бўлиб, қайрилма 2,5D-шиша билан қопланган. Смартфонга 1,25 гигагерцлик такт частотасида ишловчи тўрт ядроли 64 битлик марказий процессор ҳамда Mali-T720 график процессорини ўз ичига олувчи MT6737 чипсети ўрнатилган.

Panasonic’нинг бу янги смартфони доимий хотираси 16 гигабайтлик ҳажмга эга. Кўпчилик фойдаланувчиларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, гаджетда 128 гигабайтгача ҳажмдаги microSD хотира картаси учун слот ҳам ажратилган. Ҳамёнбоп бу қурилманинг тезкор хотираси 2 гигабайтни ташкил этади.

Девайснинг асосий камераси 8 мегапикселли, аммо унинг устунлиги бошқа томонда. Сифатли суратга олиши учун, камерага ёрдамчи сифатида тўртта диодли LED-чақноқ ҳам ўрнатилган. Селфи учун эса экраннинг тепасида 5 мегапикселли камера жойлаштирилган.

«Home» тугмачасида жойлашган бармоқ изи сканери ҳам яқин-яқинларгача нисбатан қимматбаҳо смартфонларга татбиқ этиб келинган деталлардан биридир.

Eluga I4 қурилмаси иккита SIM-карта билан ишлай олади, унда яна симсиз алоқанинг WiFi 802.11 b/g/n, Bluetooth 4.0, GPS ҳамда USB OTG каби интерфейслари мавжуд. Телефоннинг вазни 150,7 граммга тенг, ўлчамлари эса 146,7 х 71,3 х 8,3 миллиметрни ташкил этади. Унинг аккумулятори 3000 мА/соат сиғимга эга.

Panasonic Eluga I4 истеъмолчиларга корпусининг тусига кўра учта – тилларанг, кўк ва қора ранларда таклиф этилади. Унинг нархи эса 8290 рупий бўлиб, бу 125 АҚШ долларига тўғри келади. Смартфонни Ҳиндистондаги онлайн ва оффлайн-дўконлардан, Panasonic компанияси дўконларидан харид қилиш мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.