Panasonic камералари суратни турли фокусларда олиш функциясига эга бўлади

Panasonic камералари суратни турли фокусларда олиш функциясига эга бўлади

Япониянинг кенг тармоқли Panasonic компанияси ўзининг Lumix GX7, G8, ҳамда FZ300 русумли камералари учун янги – “Post Focus”  (Фокусни созлаш) функциясини ишлаб чиқаётганини маълум қилди. Бепул тақдим этилиши кўзда тутилаётган дастурни 2015 йил сўнггидан 2016 йилнинг баҳорига қадар юклаб олиш мумкин.

Бу технология фотосуратлар фокусини сурат олингандан кейин ҳам таҳрир қилиш имконини берувчи 4K форматида ёзиб олади. Автофокус имкониятига эга барча турдаги объективлардан “Post Focus” режимида фойдаланса бўлади.

“Post Focus”  янги режими ёрдамида камера бир вақтнинг ўзида муайян манзарани турли фокусларда бир неча маротаба суратга олади ва сураткашга маъқул суратни танлаш имкониятини беради.

Энди сураткашнинг керакли мавзу учун кадр танлашининг ўзи кифоя. Фокус аниқлигини камеранинг ўзига қўйиб бериш мумкин. Бу эса олинган суратларга бадиий безак бериш, тасвирга кайфият бағишлашда айни муддао.

Аммо, Lumix камералари юқори мегапиксел имкониятларига эга бўлса-да, фокусни созлаш режимида 4K форматидаги тасвирлар автоматик равишда 8 мегапикселда сақлаб қолинади.

Шу боис, компания бу функциядан самарали фойдаланиш мақсадида, ундан портретлар ишлаш, манзараларни суратга олишда фойдаланишни маслаҳат бермоқда.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.