Паспорт ва пропискани расмийлаштириш электрон форматга ўтказилади

Паспорт ва пропискани расмийлаштириш электрон форматга ўтказилади

Президент Шавкат Мирзиёев 11 июль куни ички ишлар органларининг миграцион жараёнлар ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги фаолиятини тубдан яхшилаш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳужжатда Ички ишлар вазирлигига қатор янги вазифалар белгиланди, деб хабар беради Daryo.uz.

Шулар сирасида — барча миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларининг фаолиятини ташкил этишни янги сифат босқичига кўтариш, барча вазифа ва функцияларни аниқ тақсимлаш.

Аҳолини паспортлаштириш, Ўзбекистонга кириш ва бу ерда бўлиб туриш, фуқароликни қабул қилиш, йўқотиш, фуқароликдан чиқиш, шунингдек, сиёсий бошпана тақдим этиш сингари жараёнларни таҳлил қилиш, баҳолаш ва прогнозлашнинг самарали механизмларини жорий этиш кўзда тутилган.

Асосий йўналиш — миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари ходимлари орасида профилактика тадбирларини кучайтириш, аҳолига хизмат кўрсатишда, шу жумладан, бошқариб бўлмайдиган навбатлар ҳосил бўлганда юзага келадиган коррупция ва мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатларини бартараф қилиш.

Паспорт тизими қоидаларининг бузилиши, ноқонуний миграция фактларини бунга сабаб бўлувчи сабаб ва шартларни комплекс ўрганиш асосида аниқлаш ва бартараф қилиш тизимини такомиллаштириш режалаштирилмоқда.

Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари фаолиятига яқин ойлар ичида давлат хизматлари кўрсатиш ва фуқароларни паспорт тизими масалаларида қабул қилишни назорат қилишнинг электрон тизими жорий этилиши бошланади.

Давлат хизматлари кўрсатилишининг осонлаштирилган тизимини таъминловчи электрон тизим 2018 йил 1 майдан жорий этилиши айтилмоқда.

ИИВ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси структурасида электрон ахборот тизимлари бошқармаси ташкил этилади. Бошқарма, кўрсатилган тизимларни жорий этиш ва ривожлантиришдан ташқари, доимий ва вақтинчалик прописка, яшаш жойида ҳисобга олиш, Ўзбекистонга кириш, бўлиб туриш ва Ўзбекистондан чиқиш, фуқароликка қабул қилиш, фуқароликдан чиқиш ва уни йўқотиш, сиёсий бошпана тақдим этиши соҳасида интеграциялашган маълумотлар базасини қўллаб-қувватлаб туради.

Қарорда қўшимча тарзда миграция соҳасидаги Ўзбекистон компетент органларининг ваколатхоналари чет эл давлатлари ҳудудида, биринчи галда Ўзбекистон фуқаролари кўп бўлган давлатларда очилиши, шунингдек, чет эл давлатларида рўйхатдан ўтиш ва ишга жойлашиш учун рухсат олиш тартибини осонлаштириш кўзда тутилган.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Саид Мамуров

Terabayt.uz'нинг энг меҳнаткаш ходимларидан. Севимли машғулоти интернет титиб, ахборот технологияларига оид энг сўнгги хабарларни мутолаа қилиш. Бу орада уларнинг ичидан яхшиларини териб олиб, сизларга ҳавола қилиб туради.