Pixel 2 ва Pixel 2 XL: суратлар ва нархлари маълум

  •   DiMaX
  •  2049
  •  20.09.2017 16:28

Pixel 2 ва Pixel 2 XL: суратлар ва нархлари маълум

Google икки ҳафтадан сўнг – 4 октябрь куни ўзининг иккита янги смартфонини тақдим этади. Droid-Life сайти эса аллақачон уларнинг суратларини ҳамда нархлари ҳақидаги маълумотни ошкор қилди.

Google Pixel 2 ҳамда Pixel 2 XL деб номланган ушбу янги қурилмаларнинг асосий ўзига хослиги – камерасидаги «Google Lens» деб аталувчи функциясидир. Бу функция шарофати билан у машҳур тарихий объектларни, китобларни, видеоўйинларни ва бошқа нарсаларни таний олади.

Рендерларга кўра, тақдим этиладиган иккита смартфоннинг ташқи кўриниши ўзаро ўхшаш. Фақат орқа қопқоқнинг юқори қисмида фарқ қилади: Pixel 2 XL моделида у қора рангда, Pixel 2’да эса – корпус рангига боғлиқ ҳолда турлича.

Смартфонларда бармоқ изи сканери олдинги жойида қолган, объектив ўлчами эса сезиларли даражада катталашган. Ҳозирда урфга кирган ромсиз дисплей бу девайсларда қўлланмаган, шунинг учун янги «Пиксел»лар ҳам олдинги «аждод»ларига жуда ўхшаш.

Компаниянинг ўзи мазкур янги гаджетларининг тақдимот кунини ноанъанавий тарзда маълум қилган, аммо уларнинг хусусиятларини расман ошкор этмаган.

Нархлар масаласига келсак, Pixel 2 модели ички хотираси 64 ҳамда 128 гигабайтлик талқинларда ишлаб чиқарилади ва улар тегишлича 649 ва 749 долларга баҳоланади. Pixel 2 XL ҳам шундай ҳажмлардаги хотирага эга бўлиб, нархи 849 ва 949 долларни ташкил этади.