Пластик карточка йўқолса нима қилиш кераклигини биласизми?

Пластик карточка йўқолса нима қилиш кераклигини биласизми?

— “On-line” ёки “Off-line” режимидаги банк пластик карточкаси йўқолса, уни тиклаш мумкинми?

Гулнора Холмуродова,  Қўшкўпкир тумани.

Саволга Ўзбекистон Марказий банкининг Пул муомаласи департаменти директори Муҳиддин Мўминов жавоб беради:

— Банк пластик карточкаларини истеъмолдан чиқариш ҳамда улардан фойдаланишни вақтинча чеклаш билан боғлиқ ҳаракатлар Марказий банк бошқаруви раисининг 2004 йил 21 февралдаги қарори билан тасдиқланган ва Адлия вазирлигида 2004 йил 30 апрелда рўйхатга олинган “Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларнинг Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисида”ги низомнинг 26-бандига асосан тартибга солинади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “on-line” ёки “off-line” режимида ишлайдиган банк пластик карточкаси йўқотилганда, фуқаро зудлик билан хизмат кўрсатувчи банкни бу ҳақда ёзма равишда ёки телефон орқали хабардор қилиши керак. Шундан сўнг пластик карточка орқали амалга ошириладиган операциялар вақтинча тўхтатиб қўйилади ва мижозга белгиланган тартибда янгиси берилади.

Йўқотилган ёки шикастланган пластик карточкалар ўрнига янгиси берилганда жисмоний ва юридик шахслардан Марказий банк ва Ўзбекистон банклари ассоциацияси томонидан 2012 йил 11 апрелда тасдиқланган “Пластик карточкалар орқали нақд пулсиз ҳисоб-китобларни амалга оширишда банк ва нобанк кредит ташкилотлари томонидан амал қилиниши лозим бўлган ягона тарифлар режаси”да белгиланган миқдорда ҳақ ундирилади.

Манба: Sof.uz