Президент “хавфсиз шаҳар” қуриш дастурини тасдиқлади

Президент “хавфсиз шаҳар” қуриш дастурини тасдиқлади

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг хабар беришича,  Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йилнинг 29 август куни "Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида лойиҳаларни бошқариш тизимларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Қарорда "Uzinfocom" Маркази негизида давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлашни амалга оширувчи Ягона интегратор ташкил қилинди. У иқтисодиёт соҳалари учун "электрон ҳукумат" ва ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш, ахборот тизимлари ҳамда ресурсларини интеграция қилиш, аппарат-дастурий таъминот воситалари комплексини яратиш, шунингдек тегишли лойиҳа ва ҳужжатларни тайёрлаш билан шуғулланади.

Ягона интеграторга телекоммуникация соҳасида фаолият юритиш ва ўқув курсларини талаб қилинадиган лицензия ва бошқа турдаги рухсат берувчи хусусиятидаги ҳужжатларсиз, шу билан бирга қонунчиликда кўзда тутилган талаб ва шартларни инобатга олган ҳолда, амалга оширишга рухсат берилади. Шунингдек, унга пудратчи ва суб-пудратчи сифатида, энг яхши таклифлар асосида хўжалик субъектлари билан лойиҳалар ва техник ҳужжатлар, ахборот тизимлари ҳамда ресурслари, дастурий таъминот воситаларини тайёрлаш бўйича шартнома тузишга ҳам рухсат берилади.    

Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар Ягона интегратор билан лойиҳалар ва техник ҳужжатлар, ахборот тизимлари ҳамда ресурслари, дастурий таъминот воситаларини тайёрлаш бўйича тендер (танлов) савдоларисиз ҳам шартнома тузишлари мумкин бўлади.  

Қарорга кўра, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот хавфсизлигини таъминлаш марказининг номи "Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази"га ўзгартирилиб, унинг олдига ахборот хавфсизлигининг замонавий таҳдидлари бўйича маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва жамлаш, давлат органлари ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларига ноқонуний киришни бартараф қилиш, ташкилий ва техник ҳимоялашни таъминлайдиган тавсия ва таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.

Марказ телекоммуникация тармоқлари операторлари ва провайдерлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ахборот маконидаги бузғунчи хатти-ҳаракатларни аниқлаш юзасидан таҳлиллар ўтказиш ва қонунбузарларни аниқлаш, уларга қарши курашиш усуллари ҳамда воситаларини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилади.   

Қарор асосида, шунингдек, "Хавфсиз шаҳар" аппарат-дастурий комплексини босқичма-босқич яратиш дастури қабул қилинди. "Хавфсиз шаҳар" аппарат-дастурий комплексини амалга оширишни мувофиқлаштирувчи Комиссия тузилиб, унинг олдига давлат органлари ва уларнинг муассасалари томонидан "Хавфсиз шаҳар" комплекси лойиҳасини кенг миқёсида, ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини тизимли мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган.

Шу билан бирга, қарорга асосан, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирига "Хавфсиз шаҳар" комплексини яратиш бўйича лойиҳани ўз вақтида ва кенг миқёсида, сифатли амалга оширишга масъул ўринбосар лавозими жорий қилинади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!