Процессорнинг тури ва хусусиятларини аниқлаш усуллари

  •   DiMaX
  •  8995
  •  06.01.2018 18:19

Процессорнинг тури ва хусусиятларини аниқлаш усуллари

Биламизки, компьютернинг ишлаш самарадорлигини таъминловчи «юраги» – унинг процессори ҳисобланади. Айни шу қисмига кўп нарса боғлиқ. Хўш, сиз ўз компьютерингизда қанақа процессор ўрнатилганини биласизми?

Буни аниқлашнинг қуйидаги йўллари мавжуд:

Биринчи усул: Вазифалар диспетчери ёрдамида

Экраннинг пастки қисмига – вазифалар панелининг бўш жойига сичқончанинг ўнг тугмачаси билан чертамиз. Очилган менюда «Вазифалар диспетчери», яъни «Диспетчер задач» бандини танлаймиз.

Очилган диспетчер ойнасидаги иккинчи – «Производительность» варақасига ўтамиз, унда компьютернинг ишлаш самарадорлиги хусусиятларини акс эттиради. Энг юқори қисмида эса қурилмангизнинг марказий процессори ҳақидаги маълумотлар ҳам кўрсатилади.

Иккинчи усул: Қурилмалар диспетчери орқали

Ишни бошлаш учун қўлланадиган «Пуск» тугмачасини босамиз ва клавиатурада «Диспетчер устройств» ёзувини терамиз. Очилган менюдаги «Процессоры» бандини танлаймиз. Шунда компьютерингизнинг «юраги» ҳақидаги маълумотлар бир нечта қаторда кўринади. Бу эса процессорингизнинг ядролари сонига боғлиқ: икки ядроли чипда икки қатор, тўрт ядролисида эса тўрт қаторда, ҳар бир ядронинг такт частотаси билан бирга акс этади.

Учинчи усул: Махсус дастур билан

Компьютернинг қисмлари қандай хусусиятларга эга эканини батафсил кўрсатиб берувчи махсус дастурлар мавжуд. Масалан, яхшиларидан бири сифатида CPU-Z утилитасини тавсия этиш мумкин. Уни мана бу ҳавола орқали ишлаб чиқувчининг сайтига ўтиб, кўчириб олиб ўрнатсангиз бўлади. CPU-Z дастурини ишга туширсангиз, барча маълумотларни кўрсатади.

Процессорнинг номи, ядролар сони, ишлаш частотаси, кэш, қувват сарфи, тезкор хотира ҳажми, она плата номи ва бошқа кўплаб қисмлар ҳақидаги тўлиқ маълумотларни шу дастур ёрдамида билиб олиш мумкин.

ЎҚИНГ: Windows’ни тезлаштирувчи ва функцияларини яхшиловчи бепул дастурлар

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!