Путин келажакда жаҳонда қайси давлат ҳукмронлик қилишини айтди

Путин келажакда жаҳонда қайси давлат ҳукмронлик қилишини айтди

Россия федерацияси раҳбари Владимир Путин 1 сентябрдаги Яросла́вль вилоятига ташрифи мобайнида "сунъий ақл" яратишда пешқадамлик кўрсатган мамлакат истиқболда жаҳонда ҳукмрон бўлишини маълум қилди. Россия президентининг фикрича, "сунъий ақл" -- бу улкан имконият ва олдиндан айтиш қийин бўлган ривожланишдир. Бу тўғрида Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда.  

Технологик лойиҳалар ўрин олган "Проектория" форумидаги чиқишида Владимир Путин мактаб ўқувчилари ва талабаларга бу технология муайян "қўллар"нинг ихтиёрида бўлиши керак эмаслигини, ҳар бир жамият уни ривожлантиришга диққат қилиши кераклигини таъкидлаган.

"Сунъий интеллект" -- бу нафақат Россия, балки инсониятнинг келажаги. У бугун кузатилаётган таҳдидларнинг ягона ечими. Бу соҳада лидерлик қилган давлат истиқболда жаҳонни ҳам бошқаради", дейди у.

Путиннинг сўзларига кўра, Россия "сунъий ақл" технологиясида етакчилик қиладиган бўлса, уни бугун атом технологияси каби бошқалар билан албатта баҳам кўради. "Аммо, ўзимиз ўшанда кимгадир қараб қолмаслигимиз учун бу инновацияни бугунданоқ ривожлантириш чораларини кўришимиз керак", деб фикрини тамомлади Россия раҳбари.

Айтиш жоизки, айни пайтда "сунъий идрок" борасида АҚШ компаниялари жаҳонда етакчилик қилмоқда. Жумладан, Google сунъий идрок яратиш йўлидаги тадқиқотларини кенгайтирмоқда. Бунга мисол сифатида "ақлли машина" яратиш юзасидан лойиҳаларни айтиш мумкин. Шунингдек, Amazon, Nuance, Microsoft, Facebook, Apple, IBM биринчилардан бўлиб сунъий интеллект яратишга киришган улкан компаниялардандир.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.