Путин “кўк кит” ва “ўлим гуруҳлари”га қарши қонунни имзолади

Путин “кўк кит” ва “ўлим гуруҳлари”га қарши қонунни имзолади

Россия президенти Владимир Путин интернет тармоғида вояга етмаганларни суиқасдга ундайдиган “ўлим гуруҳ”ларини ташкил қилганлик учун жиноий жавобгарлик тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳужжат расмий меъёрий ҳужжатлар порталида эълон қилинган.

Бир муддат аввал Россия раҳбари интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали болаларни ўлимга ундаганларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш таклифини қўллаб-қувватлаган эди. Президент ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилувчи сайт эгаларини ҳам жиноятчи қаторига қўшиш кераклигини таъкидлаган.

Қонунга кўра, ўз жонига қасд қилишни тарғиб қилиш, жонига қасд қилишга ундаш ва бу йўлда таҳдид ўтказиш, қўпол муомала қилиш ёки мунтазам равишда инсон қад-қимматини ерга уришга уринганларга нисбатан жиноий жавобгарлик кескинлашади. Жумладан, бу каби хатти-ҳаракатларни амалга оширганлар 6 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Айни пайтгача бунинг учун 5 йил қамоқ жазоси берилган.

Бу каби таҳдидлар вояга етмаганлар ва ҳомиладор аёлларга нисбатан амалга оширилган тақдирда, жиноятчи 8 йилга озодликдан маҳрум қилинади. Кучайтирилган жазо чоралари тил бириктирган гуруҳларга, шунингдек ОАВ ёки интернетда ўз жонига қасд қилишга ундовчи чақириқлар қолдирган шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади.

Бир вақтнинг ўзида, Россия “Жиноят кодекси” унатиш, алдов ва туҳматлардан фойдаланиш, ўз жонига қасд қилиш тўғрисида таклиф ва маълумотлар бериш ҳамда рағбатлантириш йўллари билан ўлимга бошлаш билан боғлиқ янги жиноят турлари билан бойитилади. Бунинг учун жиноятчиларга 2 йилдан 4 йилгача қамоқ жазоси белгиланган.

Шунингдек, қонун болаларни оқим юқори бўлган транспорт йўлини кесиб ўтишга ва баланд бино томларида юришга, “Югур ёки ҳалок бўл” каби виртуал ўйинларга жалб қилиш билан шуғулланадиганларни ҳам таъқиб остига олади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.