Q-Stick – 8 ГБ «оперативка»ли компьютер-брелок (+видео)

  •   DiMaX
  •  464
  •  19.01.2018 17:21

Q-Stick – 8 ГБ «оперативка»ли компьютер-брелок (+видео)

Илк компьютерлар катта залга жойлашган улкан блоклар шаклида бўлса, борган сари ихчамлашиб ва сиғими ортиб, ҳозирда чўнтакка сиғадиган бўлиб қолган. Жумладан, Indiegogo майдончасида брелок ҳолидаги митти компьютер – Q-Stick лойиҳаси тақдим этилди. Ишлаб чиқувчилар уни ўз тоифасидаги энг қудратли қурилма, дейишмоқда.

ЎҚИНГ: Жаҳоннинг энг митти мобил компютери сотувга чиқди

Бу қурилма ҳақиқий брелок шаклида ва катталигида бўлиб, унинг ўзига процессор, тезкор хотира каби энг зарурий қисмлар ўрнатилган; клавиатура, сичқонча ва ҳоказо қисмларни улаш учун эса тегишли портлари мавжуд.

Компьютер-брелок иккита модификацияда чиқарилиши мўлжалланган – Blaze Plus ҳамда  Blaze Pro. Булардан биринчиси 14 нанометрлик Atom x7-Z8700 процессорига эга. Мазкур чип 64 битлик тўртта Airmont ядросини, саккизинчи авлод Intel графикасини ҳамда икки каналли LPDDR3 хотира контроллерини ўз ичига олади. Унинг ишлаш такт частотаси 1,6 гигагерцни ташкил этади ва бу кўрсаткични 2,4 ГГц.гача ошириш имкони мавжуд.

Blaze Pro версиясига Atom x7-Z8750 чипи ўрнатилган: у номинал 1,6 гигагерц такт частотасида ишловчи тўртта ядрога эга бўлиб, максимал частотаси 2,56 ГГц.гача етиши мумкин.

Ҳар иккала қурилма ҳам 8 гигабайтлик тезкор хотирага эга. Улар Bluetooth 4.1 ҳамда Wi-Fi 802.11n/ac симсиз алоқа адаптерлари билан таъминланган. 128 гигабайтгача ҳажмли microSD-картаси учун слот, иккита анъанавий USB 3.0 порти ҳамда битта замонавий USB Type-C билан жиҳозланган. Ўзидаги HDMI коннектори орқали уни мониторга (ёки замонавий телевизорларга) улаш мумкин.

Иккала моделнинг ўзаро фарқи уларнинг доимий хотирасида ҳам намоён бўлади: Blaze Plus талқини 64 гигабайтлик, Blaze Pro эса – 128 гигабайтлик флеш-модул билан жиҳозланган.

Мана, мазкур митти компьютердан фойдаланишни қуйидаги видеолавҳада томоша қилинг:

Q-Stick компьютер-брелокларининг ўлчами 113×38×12 миллиметрни ташкил этади. Уларда Windows 10, Linux ёки Android операцион тизимларини қўллаш мумкин. Айни дамда уларнинг нархи 130 АҚШ долларидан бошланиши айтилмоқда.

ЎҚИНГ: USB орқали уланган телефон ёки планшетни компьютер «кўрмай» қолса нима қилиш керак?

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.