Қандай қилиб арзон, аммо яхши смартфон сотиб олиш мумкин?

Қандай қилиб арзон, аммо яхши смартфон сотиб олиш мумкин?

Флагман – олий тоифали мобил телефонларидан фарқли равишда, таъбга мос арзон, яъни бюджет моделлар бир-биридан тубдан ажралиб туради. Бу пайтда арзонроққа қандай қилиб кўнгилдагидек смартфон сотиб олиш мумкин, деган саволга жавоб излаётганлар орамизда етарлича топилса керак. Чиндан ҳам, оила бюджетидан орттириб, ҳамма қатори замонавий, бунинг устига техник имкониятларини уялтирмайдиган смартфон тутишни истовчилар кўп бўлса керак. Шу мақсадда арзонроқ смартфон сотиб олишни мўлжаллаганлар учун айрим тавсияларни тақдим этишга қарор қилдик.

Ишлатилган смартфонлар

Баъзилар иккиламчи бозордан аввал ишлатилган (одатда биз “б/у” деб атаймиз) қимматбаҳо смартфонни янги “китайский” нархига сотиб олишни маъқул кўради. Бироқ ҳар доим ҳам бу савдо хайрли тугайвермайди. Чунки…

Айтиш керакки, ишлатилган смартфонларни сотиб олиш тажрибали фойдаланувчилар учун яхшилик билан тугаши мумкин. Чунки экран сенсорининг тўғри ишлаётгани, аккумулятор индикацияси ва бошқа жиҳатларни текшириш учун тажриба, айрим қурилмалар керак бўлади. Албатта, кўпчиликнинг бунга салоҳияти етмаса керак. Шундай экан, ишлатилган смартфон сотиб олмасликни маслаҳат берган бўлар эдик.

Арзон смартфонларнинг ўзига хос жиҳатлари

Технологик жараёнлар шу қадар тараққий этдики, бугунги кунда арзимаган пулга ҳам таъбга мос келадиган янги смартфонни сотиб олиш мумкин. Бундай мобил қурилмани сотиб олишдан аввал бир нарсани аниқлаштириб олишингиз керак — сиз эҳтиёжларингизга мос смартфон олмоқчимисиз ёки бренди учун қўшимча пул тўлайдиган таниқли моделми? Агарда тез ишлайдиган, камераси яхши суратга оладиган ва батареяси кўпроққа етадиган смартфон сотиб олмоқчи бўлсангиз, бренд ортидан қувишингиз шарт эмас. Шунчаки, смартфонлар дўконига киринг ва қуйидаги талабларга мос арзонроқ моделни танлаб олаверинг.

Дисплей

Арзон смартфонларда бир қатор экран матрицалари қўлланилади. Масалан, IPS — яхши, Super AMOLED — жуда яхши. Демак, смартфон олишда унинг экрани энг камида Super AMOLED бўлишига эътибор қаратинг. Агарда арзонроққа HD сифатли дисплейга эга мобил қурилмалари бўлса, бундан ҳам яхши.
Ажрата олиши (русчада —разрешение). У қанча яхши бўлса, шунча маъқул. Агарда смартфон экрани 5 дюм (1 дюм – 2,54 см) бўлса, экраннинг тасвир равшанлиги ва тозалигини белгилаб берадиган ажрата олиш кўрсаткичи 960×540, идеал ҳолатда — 1280×720 пиксель бўлиши керак. 4 ва 4,5 дюмли смартфонлар учун эса 800×480 ўртача, 960×540 энг яхши натижа ҳисобланади. Бундан паст пикселга эга экранли смартфонларни олишдан ўзингизни тийганингиз маъқул. Чунки ундаги тасвирлар хира ёки чаплашиб кетиши мумкин.

Процессор

Смартфоннинг тез ишлаши унинг процессорига боғлиқ. Шунинг учун смартфон танлашда процессор имкониятларини албатта ҳисобга олинг. Бунда икки ядроли процессорлар урфдан қолганини унутманг. Бундай телефонларни жуда ёмон тоифага мансуб дейиш мумкин. Биргина истисно— Intel Atom Z25xx чипларидир. Улар дастурий жиҳатдан тенг иккига бўлиниб ишлагани сабабли тўрт ядроли “рақобатчилари”дан асло қолишмайди.

Гоҳида кучли процессорга эга смартфонлар ҳам хотираси бўшроқ оддий гаджетдан секинроқ ишлаши мумкин. Буни кучли оёқлари бору юки оғир одам юки йўқ кишидан секинроқ чопишига ўхшатиш мумкин.

Арзон смартфонларда қўлланилган чиплар қуввати Antutu Benchmark томонидан қуйидагича баҳоланган: Spreadtrum SC7735S – 12500; Intel Atom Z2520 – 19000; Qualcomm Snapdragon 200 – 14000; Qualcomm Snapdragon 400 – 18000; Mediatek MT 6732 – 31000; Mediatek MT 6592 – 29000; Mediatek MT 6582 – 19200; Mediatek MT 6572 – 12500. Мазкур рақамларга асосланиб, бюджет смартфонлари “юрак” кучига баҳо берсангиз бўлади.

Тезкор (оператив-ОЗУ) хотира

Агарда смартфон тезкор хотираси паст бўлса, ўрнатилган дастурни ишга тушириш қийин кечади. Интернет браузер ёки мусиқа плеерини ёқмоқчи бўлсангиз, ортиқча сониялар талаб қилиши асабингизни бузиши мумкин. Шу сабабдан тезкор хотираси 1 ГБдан кам бўлган Android смартфонларни харид қилиш ўзини оқламаслигини унутманг. Бироқ 512 мегабайт ОЗУга эга Windows Phone смартфонлари унча ёмон эмас.

Оператив тизим (ОС)

Дастурларнинг бажарилишини бошқарадиган ва тизимнинг ресурсларини тақсимлаш, режалаштириш, кириш-чиқиш ва маълумотларни бошқариш каби турли вазифаларни таъминлайдиган дастурий восита оператив тизим (русчада – оперативная система) дейилади. Ҳаммамизга маълум, бугунги кунда мобил қурилмаларга асосан iOS, Android ва Windows Phone оператив тизимлари ўрнатилади. Уларнинг қайси бирини танлаш – ўз хоҳишингиз. Аммо Apple смартфонларида iOS 7, Android учун — 4.4 KitKat, Windows ўрнатилган смартфонларда эса 8.1 версиясидан эскиларини танламаган маъқул. Чунки бундай смартфонлар аксарият замонавий иловалар, ўйинларни очмаслиги, интернет ва ижтимоий тармоқларда ишлаши ҳам сизни қониқтирмаслиги мумкин. Ишонтириб айтиш мумкинки, бугун мобил бозорида замонавий оператив тизим ўрнатилган арзон маҳсулотлар етарлича топилади.

Аккумулятор

Смартфон сотиб олишда унинг экран диагонали неча дюм эканига албатта эътибор қаратиш лозим. Зеро батарея қувватининг тезда сарфланиши экран ҳажмига ҳам боғлиқ. Агарда сотиб олмоқчи бўлган смартфон дисплейининг диагонали 5 дюм ва ундан ортиқ бўлса, аккумулятори 1900 мегаампер/соат (мАч)дан кам эмаслигига эътибор қилинг. Чунки ундан пасти — ғарибона кўрсаткич ҳисобланади. 4 дюмлилар учун эса 1500 мАч ўртача меъёр саналади.

Камералар

Бугунги кунда арзон, аммо яхши смартфонларда асосий орқа камера учун 8, олд камера учун эса 2 мегапиксел ўртача мезон ҳисобланади.