Қани, қизим, бир коса батарейкангдан сузчи!

Қани, қизим, бир коса батарейкангдан сузчи!

Тасаввур қилинг, сиз саломатлигингиз ҳолатини кузатадиган сенсорни ютиб юборасиз, у эса ошқонингизга ўрнашиб олгач, физиологик маълумотларни шифокорга юборишни бошлайди. Сенсор эса истеъмолга яроқли батареялардан қувватланади. Жуда ғаройиб, тўғрими!? Бироқ бундай кашфиётлар тез орада амалиётда қўлланилиши мумкин.

Карнеги-Меллон университети тадқиқотчиси Кристофер Беттингер ва унинг жамоаси одам териси, сочи ва кўзларида мавжуд бўлган меланин пигментидан ўзига хос батареяни ихтиро этишди. У нафақат организмни эркин радикал моддалардан ҳимоя қилади, балки металл ионларини ҳам ўзаро боғлашга хизмат қилади, Бу эса ҳар қандай батареянинг ишлаши учун муҳим хусусият ҳисобланади.

Бу каби меланинли батарея 18 соат давомида қурилмани 5 милливатт қувват билан таъминлаши мумкин. Мазкур батарея ҳазм қилиш тизимига киритиладиган илк мослама бўлиб,  организмда бутунлай сўрилиб кетади. Бундай батареяларни амалда ишлатиб ҳам кўришди, аммо ҳали у кутилган самарани бергани йўқ. Шундай бўлса-да олимлар орқага чекинишмади. Энди улар пектин моддасига эга батареялар устида иш олиб боришмоқда. Тез кунларда ушбу ихтиро тиббиёт ва озиқ-овқат саноатида қўлланилса ажаб эмас. Чунки бемор организмидаги сенсор унинг физиологик ҳолатини кузатиш ва зарур бўлганда керакли муолажаларни бажаришга ёрдам беради.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!