Қарши олинг: Opera Touch – битта қўлда бошқаришга мосланган мобил браузер!

  •   DiMaX
  •  1765
  •  26.04.2018 19:01

Қарши олинг: Opera Touch – битта қўлда бошқаришга мосланган мобил браузер!

Opera Software компанияси ўзининг янги маҳсулоти – смартфонлар учун Opera Touch браузерини тақдим этди. У битта қўлда бошқаришга қулай қилиб ишланган ва логин-парол киритишни талаб қилмасдан десктоп Opera билан синхронлаша олади.

ЎҚИНГ: Айни Telegram блокланаётганида, Opera VPN – чекловни «айланиб ўтиш» сервиси ҳам тўхтатиляпти

Opera Touch браузери биратўла қидирув режимида очилади. Сўров киритилганидан кейин ҳам у излашни бошлаш учун фойдаланувчидан қўшимча ҳаракатлар талаб этмайди. Шунингдек, бу илова овозли қидирувни ҳам қўллаб-қувватлайди. Булардан ташқари, QR-код ва штрих-кодни ҳам сканерлай олиши мазкур браузернинг яна бир афзаллигидир.

Браузер интерфейсининг пастки қисмида тезкор кириш тугмачаси – FAB (Fast Action Button) жойлашган. Ҳамиша браузер экранида турадиган бу тугмача сўнгги очилган варақаларга, шунингдек қидирув функциясига тезкор ўтиш имконини беради. Бундан ташқари, FAB тугмачасига битта тегиниш билан браузернинг барча функцияларини кўриш мумкин.

Яна битта ўзига хос функция Flow деб аталади ва у фойдаланувчининг турли қурилмалари орасида логин-паролни киритмасдан туриб тезкор маълумот алмашиш имконини беради. У Opera Touch ҳамда компьютерлар учун Opera браузерининг янгиланган талқинида амал қилади. Бу иккаласи орасида хавфсиз боғланишни амалга ошириш учун десктоп Opera’даги QR-кодни Opera Touch ёрдамида «ўқитиш» талаб этилади. Кейин эса ҳаволалар, тасвирлар, видео ва қайдларни ўзаро алмашиш мумкин бўлади.

Opera Touch браузерини Android-қурилмалар эгалари мана бу ҳавола орқали Google Play’дан юклаб олишлари мумкин. Ушбу илова яқин орада iOS-девайслар учун ҳам тақдим этилишини айтишяпти.

ЎҚИНГ: Chrome, Opera ва Firefox’да сайтларнинг қалқиб чиқувчи билдиришномаларини ўчирамиз

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.