«Қайта тирилган» Nokia 3310 (2017) энди 3G-талқинда чиқади!

«Қайта тирилган» Nokia 3310 (2017) энди 3G-талқинда чиқади!

HMD Global компанияси томонидан жорий йилда қайтадан ишлаб чиқарилган ҳамда MWC 2017 кўргазмасида тақдим этилган янгича Nokia 3310 (2017) модели ҳам аллақачон сотилаётганидан хабарингиз бор. Россияда уларнинг илк партияси бир кундаёқ сотиб тугатилгани, бунгача Хитойда сохта Nokia 3310 савдога чиққанини ҳам маълум қилганмиз. Шунингдек, пойтахтимиздаги «Малика» савдо марказида ҳам бу телефон сотилмоқда, аммо нархи…

Хулласи калом, энди шу қурилманинг 3G-версияси ҳам ишлаб чиқарилади. Бу тўғрида HMD Global маҳсулотлар бўйича бош мутахассиси Юхо Сарвикас ўзининг Твиттер-аккаунтида хабар берган.

Кўплаб мамлакатларда (Сингапур, Янги Зеландия, Голландия, АҚШ) 2G-тармоқ истеъмолдан чиқиб бормоқда. Шунинг учун ҳам «қайта тирилган» афсонавий телефоннинг 3G-талқини асосан уларга мўлжалланади. Бироқ у бутун дунё бўйлаб сотувга чиқарилади, ахир, қуввати узоқ вақтга етувчи телефоннинг тезкор версияси кўпчиликка қизиқ-да.

«Бутун дунё бўйлаб ихлосмандларимиз мазкур телефон 3G тармоғини қўллаб-қувватлайдиган бўлишини сўрашди. Мухлисларимиз сўрашди, биз эса уларга қулоқ солдик ва энди Nokia 3310 3G моделини тақдим этамиз», – дейди Юхо Сарвикас.

Шундай қилиб, HMD Global ниҳоят 3G тармоғини қўллаб-қувватлайдиган Nokia 3310 телефонини ишлаб чиқаради. У энг аввал – шу йилнинг 16 октябриданоқ Австралияда сотувга қўйилади. Қолган мамлакатлар, масалан, Сингапур ҳам «янгиланган» телефонни шу ойда, лекин сал кейинроқ харид қилади. Кейинчалик бу телефон бутун дунё бўйлаб савдога чиқарилади.

Nokia 3310 3G модели тўрт хил – сариқ, қизил, кўк ва қора рангларда тақдим этилади. Ички қисмларига кўра у ўша-ўша Nokia 3310 (2017) бўлиб қолаверади. Телефон батареясини битта тўлдиришда унинг қуввати сўзлашув режимида 6,5 соатгача, кутиш режимида эса 27 кунгача етади.

Янги моделнинг нархи 69 евро (ёки 80,95 АҚШ доллари) қилиб белгиланган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.