Қизиқ савол: дастурчиларнинг "шохи" борми?

Қизиқ савол: дастурчиларнинг

Кеча “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация марказининг янги резидентларига сертификатлар топширилгани ҳақида маълумот берилди (https://goo.gl/egDEya)

Унга кўра, 53 та юридик шахслар Инновацион марказнинг резидентилигига қабул қилинди ва жами резидентлар сони 81 тага етди.

“Марказнинг резиденти бўлиш уларга нима беради ўзи?” деган савол мени ўйлантирди ва унинг жавобини билгач, имтиёзлар ҳақида эшитгач ҳайрон қолдим.

Қаранг, Инновацион марказнинг резидентларига 2028 йил 1 январгача қуйидаги имтиёзлар бериларкан:

• барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни, шунингдек ягона ижтимоий тўловни тўлашдан;
• Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот воситалари учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона йиғимларидан ташқари);
• ўзи ишлаб чиқарадиган товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг бир қисмини мажбурий сотишдан озод этилади;
• белгиланган тартибда ходимларга иш ҳақи тўлаш бўйича хорижий валютада ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳуқуқи;
• экспорт контрактисиз бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғидаги онлайн магазинлар орқали хорижий валютага ишлар ва хизматлар экспортини амалга оширадилар.

Юқоридаги имтиёзлардан ташқари, резидентларнинг ўзига эмас, уларнинг ходимларига ҳам имтиёз бор:
• даромад солиғи 7,5% этиб белгиланди (аслида 23% гача);
• пенсия жамғармасига 4,5 фоизли ставка бўйича суғурта бадаллари ушланади (аслида 8%).

Қизиққанимдан фақат ходимларига бериладиган имтиёзни хомаки вариантда ҳисоблаб кўрдим.

Тасаввур қилайлик, Ўзбекистондаги бирорта IT-фирмаси ўз ходимига 3 млн. сўм ойлик бермоқчи. Энди харажатларни хомчўт қилиб кўрамиз:

Иш берувчидан кетадиган харажат:

3 млн. ходимга + 15% ягона ижтимоий тўловга (450 минг).
Демак, ходимига 3 млн. ойлик ёзмоқчи бўлган раҳбар жами 3 млн. 450 минг сўм харажат қилади.

Энди шу 3 млн. сўм доирасида ходимдан кетадиган харажатлар:

23% даромад солиғи – 690 минг;
8% пенсия жамғармасига суғурта бадали – 240 минг;
1% жамғариб бориладиган пенсия жамғармасига – 30 минг.

Демак, ходим жами 960 минг сўм харажат қилади ва қўлига 2 млн. 40 минг сўм олади.

Иш берувчи ва ходимнинг 3 млн. 450 минг сўмдан қилган жами харажати 1 млн. 410 минг сўм бўлади.

Энди ўша IT-фирмани Мирзо Улуғбек Инновацион маркази резиденти деб тасаввур қиламиз. Хўш, бунда харажатлар қанча бўлади?

- иш берувчи ҳеч қандай солиқ ва мажбурий тўлов тўламайди;
- ходим 7,5% даромад солиғи (225 минг), 4,5% пенсия суғурта бадали (135 минг) ва 1% жамғариб бориладиган пенсия тўлови (30 минг) — ЖАМИ 390 минг сўм харажат қилади.

Шунда иш берувчидан кетадиган 3 млн. 450 минг сўмлик харажат ходимнинг қўлига 3 млн. 60 минг сўм бўлиб тегади!!!

Тасаввур қиляпсизми, иш берувчи 1 сўм ҳам харажат қилмай 1 млн.дан кўпроққа ходимнинг ойлигини оширяпти. Ходимнинг ойлиги нақ 50% га ошади!

Ҳали бу фақат ходимнинг ойлигидаги имтиёзлар, корхоналарнинг ўзига берилганларни ҳисоблаб ўтирмадим.

Ушбу имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 июндаги ПФ-5099-сонли фармони билан берилганди, лекин ўша пайтда бунга эътибор бермаган эканман.

Буларни кўриб мен ҳам IT соҳасида бизнес қилгим келиб кетди :)

Шу соҳада фаолият юритаётганлар бўлса, Инновацион марказга аъзо бўлишни таклиф этаман. Бундай имкониятни қўлдан чиқарманг.

Кўпчиликда савол туғилиши мумкин, нима учун ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётганларга бунча имтиёзлар берилмоқда? Бошқа соҳаларчи? Албатта қолган соҳаларни ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилмоқда. Аммо бугунги замонавий оламда ахборот технологиялари соҳаси барча соҳалардан бир неча баробар тез ва шиддат билан ривожланаётгани, давлатнинг иқтисодий ўсишида уларнинг ўрни беқиёслигини ҳисобга олганда, бу ўз вақтида қабул қилинган қарор дейиш мумкин.

Зеро бугун капитализация кўрсаткичи бўйича дунёнинг энг йирик 10 та компаниясининг 5 таси IT-компаниялари (Apple, Google, Microsoft, Amazon, Facebook) эканлиги ҳам сўзимизнинг исботи. Ортиқча изоҳ шартмас.

Хушнудбек Худайбердиев

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Саид Мамуров

Terabayt.uz'нинг энг меҳнаткаш ходимларидан. Севимли машғулоти интернет титиб, ахборот технологияларига оид энг сўнгги хабарларни мутолаа қилиш. Бу орада уларнинг ичидан яхшиларини териб олиб, сизларга ҳавола қилиб туради.