QLED-экранли Samsung телевизорларининг нархи маълум бўлди

QLED-экранли Samsung телевизорларининг нархи маълум бўлди

Жорий йилнинг январь ойида Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтган Электроника ва технология маҳсулотлари истеъмолчилари учун кўргазмада Samsung компанияси “квант нуқтали” QLED дисплейлари туркумига мансуб Q9, Q8 ва Q7 моделидаги янги телевизорларни тақдим қилган эди.

10 февраль куни компания Amazon ва Best Buy онлайн дўконларида мазкур турдаги телевизорларнинг буюртма нархларини маълум қилди. Унга кўра, туркумнинг кенжа модели, 55 дюймли, 4K сиғимда тасвир намойиш этувчи Q7 телевизори $2500 доллардан сотувга чиқади. Унинг 75 дюймли моделини эса $6000 доллардан харид қилиш мумкин. Телевизорнинг икки ёнга қайрилма 4K экранли Q8 модели $3500 дан $4500 долларгача сотилади. Унинг энг ихчам талқинида 55 дюймли экрандан фойдаланилган. Айтиш керакки, бу нарх-наво айни пайтда ишлаб чиқарилаётган инновацион телевизорлардан анча арзон.

Samsung’нинг QLED экранли телевизорларида энг юқори ёрқинлик даражаси 1500-2000 кд/м².ни ташкил этади. Шунингдек, экраннинг ранг узатиш саоҳияти DCI-P3 стандартига асосланган бўлиб, ранглар ўртасидаги фарқни аниқ-тиник пайқаш мумкин. Ишлаб чиқарувчи томонидан телевизор учун “кўринмас” шаффоф кабель, спорт ҳамда мусиқий дастурларни томоша қилишга мўлжалланган инновацион функциялар яратилган.

QD-LED, QLED (инглиз тилидаги “quantum dot” «квант нуқтали») технологияси асосида ишлаб чиқариладиган экранлар айни пайтда оммалашган LCD, LED TV ва Retina дисплейларга қараганда кам энергия истеъмол қилади. Янги технологияга эга дисплейларнинг экран ости светодиодларида қуюқ кристалл эмас, квант нуқталардан фойдаланилади. Бунда квант нуқтали ҳар бир рангли пиксель юпқа плёнкали транзисторлар томонидан бошқарилиши мумкин. Натижада, мониторда ранг ва тасвир сифати янада ёрқинлашади ва экранни имкон қадар юпқа дизайнда ишлаб чиқариш мумкин бўлади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.