Қўл телефонида Ўзбекистонга порнографик материаллар олиб киришга уринган аёллар ушланди

  •   DiMaX
  •  3049
  •  27.11.2017 13:32

Қўл телефонида Ўзбекистонга порнографик материаллар олиб киришга уринган аёллар ушланди

Замонавий технологиялар ютуқлари кишилар турмушини яхшилашга хизмат қилгани яхши, албатта, аммо улардан ғараз ниятларда фойдаланиш ҳоллари ҳам учраётгани ачинарли. Масалан, 2017 йилнинг ўтган даврида Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан порнографик мазмундаги материаллар билан боғлиқ 76 та ҳолат аниқланган, дея хабар бермоқда Mulohaza.uz сайти.

ЎҚИНГ: Қўл телефонида беҳаё фото ва видео материалларни ташиган шахслар қўлга тушди

Мазкур ҳолатларда жами 8 минг 623 дона порнографик мазмундаги видеолавҳалар, ўйин карталари ва суратлар олиб ўтилишининг олди олинган.

Янада ачинарлиси, қонунбузарлик ҳолатларидан 8 таси айнан аёллар томонидан содир этилган. Аёлларнинг 592 дона порнографик мазмундаги видеолавҳалар, ўйин карталари ва суратлар олиб кирмоқчи эканлиги аниқланган.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқда бир кунда 120 мингта сурат эълон қилмоқда

Мисол учун, «Санкт-Петербург – Қарши» йўналишидаги 640-сонли авиарейс билан Қарши халқаро аэропортида парвозини якунлаган Қарши тумани Янгиобод қишлоғида истиқомат қилувчи Барно Ўролова (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилган. Унга тегишли «Samsung SM G361H/DS» маркали қўл телефони хотирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган 31 дона порнографик мазмундаги видеолавҳа борлиги аниқланди.

Шунингдек, Барно билан ҳампарвоз бўлган Сурхондарё вилояти Термиз туманида истиқомат қилувчи Асила Санаеванинг ҳам қўл юклари холислар иштирокида йўловчи божхона декларацияси асосида божхона назоратидан ўтказилганда, декларацияда кўрсатилган «Alcatel 5070D» маркали қўл телефони ва унга ўрнатилган хотира картасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган 72 дона порнографик мазмундаги видеолавҳа сақлаб келингани маълум бўлди.

ЎҚИНГ: Сурхондарё божхоначилари томонидан телефонида беҳаё видеоларни сақлаган йўловчилар фош этилди

Якунда фуқаролар Б.Ўролова ҳамда А.Санаевага нисбатан суд қарори асосида 449 минг 325 сўмдан жарима тайинланди. Ашёвий далил сифатида олинган қўл телефонлари нопок материаллардан тозаланиб, давлат эгалигига ўтказилди, дейилади хабарда.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!