Қўлқопни ечмасдан ҳам iPhone’ни блокдан чиқариш йўли бор!

  •   DiMaX
  •  1725
  •  27.01.2018 17:30

Қўлқопни ечмасдан ҳам iPhone’ни блокдан чиқариш йўли бор!

Совуқ тушиши билан кўпчилигимиз эгнимизга иссиқ кийимлар, қўлимизга эса қўлқоп кийиб оламиз. Аммо, смартфоннинг ҳимоясини бармоқ изи сканери орқали очиладиган қилиб қўйган бўлсангиз, ҳар гал қўлқопни ечиб, Touch ID сенсорига бармоқ босиб юриш совуқда малол келиши мумкин.

ЎҚИНГ: Виртуал сканерга эга илк смартфон расман тақдим қилинди

Apple смартфонларидаги Touch ID нафақат бармоқ учидаги тери чизиқларини, балки ҳатто тери остидаги майда қон томирчаларигача ҳаммасини ҳисобга олади. Шундай экан, ҳатто юпқа қўлқоп орқали ҳам дактилоскопик сканерни ишга тушира олмайсиз. Лекин тиниб-тинчимаган одамлар бунинг антиқа йўлини топишган.

Гап шундаки, iPhone’даги бармоқ изи рўйхатига бармоқнинг эмас, балки... бурун учининг ҳам изини қўшиб қўйиш мумкин! Ҳа, бир қараганда бу ғалати, аммо амалда қўлласа бўладиган усул, ахир!

Бунинг учун айфоннинг созламалар – «Настройки» менюсидаги «Touch ID и код-пароль», ундан эса «Добавить отпечаток» бўлимига кирасиз. Шу жойида экрандаги кўрсатмаларга амал қиласиз, фақат бармоғингизнинг эмас, балки бурнингизнинг учи билан «Уйга» тугмачасига бир неча бор тегиниб, унинг изини қолдирасиз.

Агарда айфонингиз iOS 10 тизим талқинида ишлайдиган бўлса, бошланғич созламаларга кўра, унда «Уйга» тугмачасига бармоқни теккизишнинг ўзи етарли эмас, балки сенсорда изи рўйхатга олинган шу бармоқ билан уни босиш ҳам талаб этилади. Аммо буни талаб этмайдиган қилиб созлашнинг ҳам иложи бор: «Настройки» менюсидаги «Основные» бўлимига, ундан «Универсальный доступ» қисмига, сўнг «Домой» бўлимига кирасиз ва «Открытие, приложив палец» бандини ўчириб қўясиз.

Энди совуқ кунда қўлқопни ечиб юриш ҳам шартмас: экранни фаол ҳолатга келтириш учун айфонни ўчириш-ёқиш тугмачасига бармоғингиз билан босасиз, кейин эса бурнингиз учи билан «Уйга» тугмачасига тегинсангиз бас – смартфонингиз блокдан чиқади!

ЎҚИНГ: MDC Grand – бармоқ изи сканери ва HD-дисплейга эга энг ҳамёнбоп смартфон!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.