Қорақалпоғистонлик Азиз Муртазаев Facebook`да иш бошлади

Қорақалпоғистонлик Азиз Муртазаев Facebook`да иш бошлади

Қорақалпоғистон Республикасида туғилган Азиз Муртазаев ўзи қандай қилиб Facebookка ишга жойлашгани ҳақида сўзлаб берди. Ҳозирда у компаниянинг Лондондаги офисида ишлаяпти. Яқинда Азиз билан суҳбатни қозоғистонлик блогер  Kuan7777 ўзининг  YouTubeдаги каналида эълон қилди, деб ёзади tengrinews.kz сайти.

“Мен нукус шаҳрида туғилиб ўсганман. Ўқувчилик йилларим шу шаҳарда ўтган. Болаликдан математикага қизиққанман, шу боис турли олимпиадаларда фаол иштирок этганман. Шунингдек, инглиз тилини ҳам қизиқиш билан ўрганганман. Қайси касбни танлаш масаласи кўндаланг бўлганда эса, мен Ўзбекистон миллий университетининг иқтисодиёт факультетига ҳужжатларимини топширишга қарор қилдим. Бошида ҳаммаси яхши эди, аммо вақт ўтиши билан гуманитар фанлар мен учун эмаслигини англаб етдим. Шундай кунларнинг бирида, учинчи курсда ўқиб юрганимда курсдошларимдан бири талабалар учун бепул дастурлаш курслари очилаётгани ҳақида гап топиб келди. Биз танловдан ўтиб, курсда ўқий бошладик. Бир неча машғулотлардан сўнг дастурлаш мени бошқа фанларга нисбатан кўпроқ қизиқтиришини тушундим. Уч ойлик курсдан кейин якуний лойиҳалар топширдик. Лойиҳалар натижаси бўйича Тошкентдаги компаниялар талабаларни иш ўрганишга танлаб ола бошлашди. Шундай қилиб, мен компаниялардан бирида 6 ой ишладим. Бу мен учун бебаҳо тажриба мактаби бўлди. 6 ойдан кейин мен ўқишимни тугатдим ва қаерда, ким бўлиб ишлаш борасида бир қарорга келдим. Мен ҳаётимни дастурлашсиз тасаввур эта олмасдим. Шу боис IT-компаниялардан бирида ишлашга қарор қилдим”.

“Мен Тошкентда фаолият олиб борадиган Америка компаниясига ишга кирдим. У ерда жуда катта амалий билимларга эга бўлдим. Аммо икки йил ишлагач, компьютер фанлари асослари бўйича назарий билимларим камлигини ҳис қила бошладим. Ҳужжатларимини компьютер фанлари мутахассислиги бўйича магистратурага топширишга қарор қилдим. Шу ниятда ҳужжатларимни турли мамлакатлардаги турли университетларга топшириб кўрдим. Натижада Кореянинг Аджу университетига ўқишга кирдим. Жанубий Кореяда 5,5 йил бўлдим. Университетда компьютер фанлари бўйича олган билимларим мен учун жуда муҳим эди, чунки дастурлаш билан шуғуланган давримда бу жараён қандай кечишини тасаввур қилардиму, аммо фундаментал билимларим етарли эмасди. Икки йил ўқигач, мен танловдан ўтиб Samsung Electronics жамоасига аъзо бўлдим. Биз Samsungнинг Samsung Galaxy S3I, Galaxy S6 каби етакчи телефонлари учун фойдаланувчи интерфейсларини яратар эдик. Samsung Electronicsда 3,5 йил ишладим. Шу пайтга келиб, менга янги тажрибалар, янги чақириқлар кераклигини англай бошладим”.

“Бир куни мен билан Facebookнинг рекрутери боғланди ва ўз кучимни мазкур компанияда синаб кўришни таклиф қилди. кўпчиликка маълумки, Facebook дастурчилар учун биринчи рақамли компания ҳисобланади. Табиийки, бу таклиф мени жуда қизиқтириб қолди. Мен билан уч марта суҳбат ўтказишди, улардан иккитаси скайп орқали. Ҳар бири 60 дақиқадан давом этган суҳбатларнинг дастлабки 15 дақиқасида улар мендан бэкграундим, нималар билан шуғулланганим, қандай тажрибага эга эканлигим ҳақида сўрашди. Қолган вақтда эса менга алгоритмик мисоллар беришди. Биринчи суҳбат анчайин яхши ўтди, аммо иккинчиси мен кутганимдек силлиқ кечмади. Ўта оламанми, йўқми деган саволга аниқ жавоб беришга қийналардим. Улар ҳамма жиҳатларга – менинг биринчи суҳбатдаги натижаларимга, шахсий тажрибамга, Android тизиимга қанчалик қизиқишимга баҳо беришганини айтишди. Шунда мен илова яратдим ва уни Google Playга жойлаштирдим. Улар кўриб чиқишди ва илова маъқул бўлганини таъкидлашди. Мени Facebookнинг Калифорниядаги бош офисига таклиф этишга қарор қилишди, ҳаммаси: йўлкира, меҳмонхона, еб-ичиш компнания ҳисобидан эди. Бош офисда етакчи мутахассислар мен билан 4 та суҳбат ўтказишди. Кунларниг бирида менга интервьюлар натижасига кўра суҳбатдан ўтганимни ва ишга қабул қилишларини айтишди”.

“Facebookдан ташқари мен параллел равишда Amazon компаниясига ҳам ҳужжатларимни топширган эдим. У ерда ҳам барча суҳбат жараёнларидан муваффақиятли ўтдим ва иш таклиф этишди. Аммо менга Facebook кўпроқ маъқул келди. Бир йил олдин мен компаниянинг Лондонлаги офисида иш бошладим. Бу ерда тахминан 800 киши ашлайди. Иш шароитлари жуда зўр. Ходимлар ишининг самарадорлигинит ошириш учун офиснинг барча жойларига овқат, ичимлмклар, чой, қаҳва қўйиб чиқилган – ҳаммаси бепул. Уч маҳал овқат беришади, иш вақти эркин. Биз одатдаги фирмалар сингари соат 9 дан 18 гача ишламаймиз. Исталган пайтда ишга келиш, хатто уйда ўтириб ҳам ишлаш мумкин. Чоршанба Facebookда дам олиш куни – шу куни шахсий ишлар билан шуғулланишингиз ёки истасангиз офисга келиб ишлашингиз мумкин. Офисимизда ўйин заллари, дам олиш хоналари бор. Бошқача айтганда, компания ходимларни қаерда овқатланиш, озгина бўш вақтида қаерга бориб ўйинлар ўйнаб келиш каби масалалар ишдан чалғитмаслиги, улар самарали ишлашлари учун барча шароитларни яратишга ҳаракат қилади”.

“Энди “Facebookка ишга жойлашиш осонми?” деган саволга жавоб бермоқчиман. Жавобим шундай: мукаммалликка, комилликка интилишдан тўхтамаслик керак. Икки йил олдин бу ерда ишлашни хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Аммо бунга эришдим. Олти йил аввал Жанубий Кореяда ўқиш ва Samsungдек номдор компнияда ишлаш тушимга ҳам кирмаган эди. Саккиз йил олдин дастурчи бўлиш хаёлимда ҳам йўқ эди, иқтисодчи бўлмоқчи эдим. Аммо ҳаммаси бутунлай ўзгариб кетди, асосийси билим олишдан, янги марраларни кўзлашдан тўхтамаслик керак. Мен нукусда туғилиб ўсган оддий йигит буларнинг барчасини уддаладим. Сиз ҳам бунга қодирсиз, асосийси ўзингизга ишонинг ва ҳар доим ўз устингизда ишланг, билим олишдан тўхтаманг”.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!