Қўшалоқ Zeiss камерали Nokia X6 смартфони 27 апрелдаёқ тақдим этилади

  •   DiMaX
  •  1272
  •  25.04.2018 08:45

Қўшалоқ Zeiss камерали Nokia X6 смартфони 27 апрелдаёқ тақдим этилади

HMD Global компанияси афсонавий Nokia брендини «қайта тирилтириб», бир нечта номда смартфон ва тугмачали телефонлар чиқара бошлаганидан хабарингиз бор. Хитой нашрларига кўра, мазкур ишлаб чиқарувчи 27 апрель куни Nokia X6 русумли навбатдаги смартфонининг намойишини ўтказади.

Маълумотларга кўра, бу – яқин кунларгача Nokia X дея тахмин қилиб келинаётган қурилмадир.

ЎҚИНГ: Тақдимотга тайёр Nokia X iPhone X'га рақибми?

Қизиғи шундаки, аввал ҳам айни шу номдаги смартфон ишлаб чиқарилган. Оригинал Nokia X6 модели 2009 йилнинг кузида тақдим этилган эди. У мусиқий тачфон сифатида илгари сурилган бўлиб, S60 5th edition платформаси базасида ишлар эди.

Ҳозиргача «сизиб чиққан» хабарларга кўра, янги Nokia X6 смартфони флагман эмас, балки Nokia 6 (2018) ҳамда Nokia 7 plus орасидаги, ўрта нархли модел бўлади. Мазкур девайс диагонали 5,8 дюймга, томонларининг ўзаро нисбати эса 19:9 га тенг дисплей билан жиҳозланади. Унинг асосий камераси қўш объективли бўлиб, Carl Zeiss оптикасига эга.

Nokia X6 икки хил талқинда ишлаб чиқарилади ва улар аппарат қисмига кўра ўзаро фарқланади. Улардан биринчисига MediaTek Helio P60 процессори ва 4 гигабайтлик тезкор хотира ўрнатилади. Иккинчиси эса Qualcomm Snapdragon 636 чипи ҳамда 6 гигабайтлик тезкор хотира билан ишлайди. Уларнинг нархлари ҳам шунга яраша: биринчи версияси тахминан 255 АҚШ долларига баҳоланса, иккинчиси учун 285 доллар атрофида нарх белгиланади. Ҳар иккала талқиндаги Nokia X6 ҳам Android 8.0 Oreo операцион тизим бошқаруви остида ишлайди.

ЎҚИНГ: Смартфон саноатида кучли рақиб кутилмоқда

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!