Қойилмақом Xiaomi Mi 7’ни «жонли» видео ва сифатли суратларда ҳар томонлама томоша қиламиз!

  •   DiMaX
  •  3399
  •  24.05.2018 17:33

Қойилмақом Xiaomi Mi 7’ни «жонли» видео ва сифатли суратларда ҳар томонлама томоша қиламиз!

Xiaomi корпорацияси 31 май куни бўлиб ўтадиган матбуот анжуманида ўзининг иккита флагман смартфони – саноқ бўйича Mi 7 ҳамда компаниянинг саккиз йиллигига бағишланган Mi 8 моделларини тақдим этмоқчи. Хитойлик манбалар булардан биринчисининг суратларини интернетга чиқариб юборишди.

ЎҚИНГ: Xiaomi бирйўла иккита – Mi 7 ҳамда Mi 8 флагманларини тайёрлабди, уларнинг олд панелини «жонли» томоша қиламиз!

Смартфонни ҳар томонлама намоён этувчи ушбу суратларни смартфонлар учун ғилофлар ишлаб чиқарувчи бир компания тақдим этган. Бир сўз билан айтганда, Xiaomi Mi 7 смартфони қойилмақом дизайнга эга.

«Хитойча Apple» ўзининг бу флагмани корпусининг орқа панелини шишадан ишлаган. Шунга кўра, мазкур модел ҳам, худди Mi 8 флагмани сингари, Qi симсиз қувватлаш технологиясига эга бўлса керак.

Кутилганидек, Mi 7 экранининг юқори қисмида «кемтик» мавжуд, пастида эса йирик ром кўзга ташланади.

Смартфон ташқи кўриниши купертиноликларнинг юбилей айфонига ўхшатиб ишланган – корпуснинг орқа қопқоғидаги қўшалоқ камера модуллари тикка жойлашган. Фақат «хитойча айфон»нинг орқа панелида бармоқ изи сканери ҳам мавжуд.

Xiaomi Mi 7 корпусининг пастки қиррасида замонавий USB Type-C порти кўзга ташланади. Бундан ташқари, ушбу модел қулоқчинлар учун анъанавий 3,5 миллиметрлик аудиотирқишдан ҳам маҳрум этилмаган.

Мана, Xiaomi Mi 7 смартфонининг «жонли» видеосини бирга кўрамиз:

Ҳозиргача чиққан маълумотларга қараганда, Mi 7 модели Xiaomi’нинг саккиз йиллигига аталган флагманнинг соддалаштирилган талқини бўлади. Энг илғор технологиялар билан жиҳозланган Mi 8 смартфонининг «жонли» видео ва суратларини ҳам тез орада эълон қиламиз, биздан узоқлашманг.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi 8’нинг нархлари аллақачон дўконларга чиқди («жонли» суратлар)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!