Qualcomm "5G-смартфон" ишлаб чиқарувчи брендларни эълон қилди

Qualcomm

Qualcomm ҳам бугунги смартфон саноати ривожидан унумли фойдаланиб, ҳар йили янги ва кучли процессорни расман тақдим этиш анъанасини йўлга қўйди. Мисол учун, бу йил оммалашадиган Snapdragon 845 чипининг имкониятлари хусусида етарлича маълумотга эгамиз.

Ҳозирда эса ишлаб чиқарувчи янги авлод мобил платформалари устида ишламоқда. Кеча тарқалган хабарларга кўра, бу чип Snapdragon 850 (X50) деб аталади 5G алоқа тармоғида ишлаши унинг ўзига хослиги бўлади.

Мазкур "электрон юракча" Snapdragon 845 процессоридан бир оз такомиллашган бўлади. Самарадорлик масаласида жуда катат натижа кутиш -- хато. Унинг энг кучли томони — X50 LTE‑модеми бўлади.

Qualcomm компанияси 5G X50 LTE-модемини 2017 йилнинг кузида расман намойиш қилган эди. Гигабитли тезликка эга модем радиотўлқиннинг миллиметрли диапазонида ишлайди. Яъни, маълумотни тезкор етказиш салоҳиятига эга. Ваъдаларга кўра, модем алоқа сигнали кам жойда ҳам сифатни ушлаб қолишга ҳаракат қилади.

Яна бир ўзига хослиги Snapdragon 850 чипи ноутбукларда ҳам ўрнатилади ва тез орада Windows 10 платформаси билан мувофиқлаштирилади.

Америкалик чипмейкер кеча расман 2019 йилда 5G технологиясини қўллаб-қувватлайдиган смартфон брендларини маълум қилди.

Унга кўра, кейинги йилда Snapdragon X50 чипи билан "қуролланган" смартфонлар Asus, HMD Global (Nokia), HTC, LG, OPPO, Sharp, Sony, Vivo, ZTE ҳамда Xiaomi компаниялари томонидан ишлаб чиқарилади.

Негадир бу ерда Samsung, Apple ҳамда Huawei йўқ. Бундан келиб чиқадики, бу брендлар 5G технологиясини мустақил ривожлантирмоқдалар ва татбиқ қиладилар.

Шу билан бирга, Snapdragon X50 чипи учун телекоммуникация қурилмалари ишлаб чиқарадиган компаниялар номи ҳам аниқ: Fujitsu Limited, Fujitsu Connected Technologies Limited, Telit, Sierra Wireless, Wingtech ҳамда WNC.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.