Qualcomm ходими илк 5G смартфон суратини тарқатиб юборди

Qualcomm ходими илк 5G смартфон суратини тарқатиб юборди

Айни пайтга келиб жаҳон миқёсида 3G тармоғида 4G'га ўтиш жараёни жадал амалга ошмоқда. Эндиги навбат тезкор 5G алоқасига ўтиш ва бу технология даврида бугун биз фойдаланаётган барча смартфонлардан воз кечишимизга тўғри келади. Apple iPhone X, Samsung Galaxy S8, Galaxy Note 8, LG V30 ҳамда Sony Xperia XZ ва бошқа флагманлар ҳам бу инқилобий тезлик олдида ожиз қоладилар. Бироқ, янги авлод смартфони 2G/3G/4G тармоқларида бемалол ишлайди.

Шу кунларда баъзи давлатларда мобил алоқа провайдерлари томонидан 5G технологиясини синаб кўриш ишлари ҳам бошланган. Дастлабки тажриба жараёнларида янги тармоқда маълумотларни жаҳон миқёсида ўртача 4G LTE'дан 100 карра тезроқ алмашиш имкониятининг мавжудлиги қайд этилмоқда.

Qualcomm X50 алоқа модемига эга 5G смартфонлари учун платформа ишлаб чиқаришни тадқиқ қилаётган етакчи компаниялардан бири. Шу кунларда компаниянинг истиқболда айнан янги тармоқда ишлайдиган смартфонларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши ҳам маълум қилинмоқда.

Qualcomm компанияси яқиндагина ўтказилган 2017 Qualcomm 4G/5G Анжуманида ҳам "Qualcomm Snapdragon X50 5G" модемини намойиш қилди. Бу модем секундига 1 гигабит маълумотни алмашиш имконини беради. Яъни, бу тезлик билан "оғир" видеоларни ҳам бир неча сониялар ичида юклаб олиш мумкин бўлади.

Қуйидаги смартфон Qualcomm муҳандиси Шериф Ҳанна томонидан интернетда эълон қилинган. У 5G'да ишлайдиган илк смартфоннинг прототипи. Девайс кўринишидан бугунги гаджетларни эсга солади.


"Қўлимда жаҳоннинг илк 5G смартфони турганига ишонгим ҳам келмайди", деб ёзади у ўзининг твитида.

Экспертларнинг фикрича, бу турдаги смартфонлар синов тариқасида 2018 йилнинг ўрталарида тақдим қилинади ва 2020 йилдан бошлаб оммалашади.

Qualcomm смартфони кейинги авлод процессорлари билан бирга, 5G тармоғини қўллаб-қувватлайдиган X50 модеми билан таъминланади. Аммо, янги йилда тақдим қилинувчи, 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 845 чипида ишлайдиган смартфонлар ҳам янги технологияни қўллаб-қувватламайди.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.