Қўл телефонида беҳаё фото ва видео материалларни ташиган шахслар қўлга тушди

Қўл телефонида беҳаё фото ва видео материалларни ташиган шахслар қўлга тушди

Божхона чегаралари орқали жисмоний шахслар томонидан ноутбук, қўл телефони ва бошқа ахборот ташувчи воситаларда беҳаёликни тарғиб этувчи материалларни олиб ўтишга бўлган уринишлар тез-тез учрамоқда.

Жумладан, Самарқанд халқаро аэропортида Санкт-Петербургдан учиб келган фуқаро О.Тиллаев (мақоладаги барча исм шарифлар ўзгартирилган) божхона назоратидан ўтиш вақтида, унга тегишли қўл телефони кўздан кечирилганда, 72 дона беҳаё мазмундаги фото ва видео материаллар борлиги аниқланди, деб Uz24.uz ёзмоқда.

Внуководан қайтаётган яна бир жиззахлик фуқаро К.Таджиевнинг ҳам телефонидан шаҳвоний саҳналар акс этган 200 дан ортиқ видеолавҳалар топилди.

“€œЧелябинск-Тошкент”€ рейси бўйича поездда кириб келган фарғоналик йўловчи Б.Аҳроров ноутбукига 370 донадан ортиқ беҳаё фотосуратларни жамлагани маълум бўлди.

Қўл телефони воситасида беҳаёликни ўзига доимий “ҳамроҳ”€ қилганлардан яна бири хазорасплик Б.Кенжаев экан. “Москва-Урганч” рейси бўйича парвозини якунлаган ушбу шахснинг қўл телефони амалдаги тартибларга мувофиқ кўздан кечирилганда, унинг хотирасида 94 дона беҳаёликни тарғиб этувчи фото ва видео материаллар борлиги фош бўлди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Товарлар (ишлар, хизматлар) экспортини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”€ 1997 йил 10 октябрдаги ПФ-1871 сонли Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ва инсоният хавфсизлигига қарши, ҳудудий яхлитликни, давлат суверинитети ва сиёсий мустақилликни бузишга қаратилган босма нашриёт махсулотлари, қўлёзмалар, клише, расмлар, фотосуратлар, фотоплёнкалар, негативлар, кино, видео ва аудио махсулотлари, овоз ёзилган материаллар, шунингдек уруш, терроризм, зўравонлик, миллий ажратиш ва диний қаршилик, расизм ва унинг турларини (антисимизм, фашизм) тарғиб этувчи ҳамда порнографик мазмундаги материалларни олиб кириш тақиқланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кўра, порнографик, шунингдек, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин яна содир этилса, у ҳолда айбдор шахслар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига мувофиқ, энг кам ойлик иш ҳақининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.