Қўш камерали Moto G5S Plus’нинг «жонли» суратлари тарқалди

Қўш камерали Moto G5S Plus’нинг «жонли» суратлари тарқалди

Расман тақдим этилмаган, «қўш кўзли» Moto G5S Plus смартфонининг иккита «жонли» фотосурати интернетда тарқалди. Уларни SlashLeaks ресурси эълон қилган, аммо расмлардаги логотипга кўра, маълумот айнан шу TechDroider сайтидан сизиб чиққан.

Айтиб ўтиш керакки, Moto G5 ҳамда Moto G5 Plus моделларини Lenovo шу йил февралда тақдим этилган, аммо улар битта объективли камерага эга эди. Янги модел эса ўша Moto G5 Plus ўрнига тақдим этилади. Янги қурилманинг корпуси анодирланган алюминийдан ясалган. Унга диагонали 5,5 дюйм бўлган Full HD (1920х1080 пикселли) дисплей ўрнатилган. Олдинги Moto G5 смартфонига 5 дюймли, Moto G5 Plus’га эса 5,2 дюймли экран ўрнатилганлигини инобатга олсак, Lenovo бу борада ҳам бир қадам илгарилаган.

Янги смартфоннинг асосий камераси 13 мегапикселли иккита – биттаси рангли, иккинчиси монохром  модулга эга. Олд камераси ҳам селфи ишқибозларини хурсанд қиладиган даражада – нақ 8 мегапикселли. Олдинги Moto G5 ва Moto G5 Plus гаджетларида эса селфи-камера 5 мегапикселли сиғимга эга эди.

Асосий камерада бир қатор қўшимча эффектлар мавжуд, масалан, орқа фоннинг «ювилиши» ҳамда қорайтирилиши, тасвирдаги танлаб олинган унсурларнинг оқ-қора гаммада акс эттирилиши каби.

Қўш камерали Moto G5 Plus саккиз ядроли Qualcomm Snapdragon 625 процессори билан жиҳозланган. Унинг тезкор хотираси 4 гигабайт, ички флеш-хотираси эса 64 гигабайт ҳажмга эга. Булардан ташқари, унинг хотирасини 128 гигабайтгача ҳажмдаги microSD картаси ёрдамида кенгайтириш имкони мавжуд.

Девайс Android 7.1.1 Nougat операцион тизими ўрнатилган ҳолда ишлаб чиқарилган. Шунингдек, унда бармоқ изи сканери, сувдан ҳимояловчи қоплама ҳамда қулоқчин учун 3,5 миллиметрлик тирқиш бор.

 Смартфон 18 999 дан 19 999 гача ҳинд рупияси нархида бўлиши тахмин қилинмоқда, бу тахминан 293-310 АҚШ долларига тўғри келади. «Қўш кўзли» Moto G5 Plus шу йилнинг 25 июль куни Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган тадбирда кенг омма эътиборига тақдим этилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг.


Сўнгги хабарлар