РАСМАН: Galaxy Note 8’нинг глобал савдоси бошланди

  •   DiMaX
  •  1955
  •  15.09.2017 15:07

РАСМАН: Galaxy Note 8’нинг глобал савдоси бошланди

Samsung Electronics компанияси ўзининг янги флагмани – Galaxy Note 8 смартфонини халқаро кўламда сотишни бошлади. Бу тўғридаги маълумот компания сайтида расман эълон қилинди.

Ушбу модел бугунги кундан – 15 сентябрдан эътиборан дунёнинг 42 та мамлакатида савдога чиқарилди. Жумладан, АҚШ, Канада, Сингапур, Корея ҳамда Европа мамлакатларида Galaxy Note 8 фаблетининг сотуви бошланди.

Samsung Galaxy Note 8 корпуси тусига кўра беш хил – қора, тилларанг, сирень-кул ранг, кўк ва пушти рангларда чиқарилмоқда. Аммо ҳозирча уларнинг барчасига ҳам буюртма бериб бўлмайди, бу омил ҳудудга ва етказиб берувчига боғлиқ.

Note 8 жамланмаси ва нархлари ҳам турлича: АҚШда у жамланмада Gear 360 камераси ёки 128 гигабайтлик хотира карточкаси ва симсиз қувватлаш қурилмаси билан бирга, уяли алоқа оператори билан шартномасиз ҳолда 929,99 доллар туради. Европада эса бу фаблет ҳамда Samsung DeX док-станцияси жамланмасига 999 евро миқдорида нарх белгиланган.

Россияда Samsung Galaxy Note 8 савдоси расман 22 сентябрда бошланади, унинг тавсия этилган нархи 69 990 рубль бўлади. Ҳозирда унга олдиндан буюртмалар қабул қилинмоқда. Буюртма учун тўлов амалга оширилганида харидор Samsung DeX док-станциясини совға сифатида олади.

Ўзбекистонда эса ҳозирча Samsung Galaxy Note 8 савдоси бошлангани йўқ. Бу борада янгиликлардан ўз вақтида бохабар бўлиб туриш учун биздан узоқлашманг.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.